Жаҳон | 19:53 / 12.11.2019
11433
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 5 кишини ўлдирган Бин Лодин лақабли фил тутилди

Ҳиндистоннинг Ассам штатида 5 кишини ўлдиргандан сўнг Бин Лодин лақабини олган қутурган фил тутилди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди. 

Фил октябрда ғазабда қишлоқлардан бирида 5 кишини ўлдирган ва бир ой давомида маҳаллий аҳолини қўрқувда ушлаб турган. Одамлар филнинг ғазабига дучор бўлмаслик учун уйларидан чиқишга қўрққанлар.

Филни тутиш бўйича амалиёт 11 ноябрда ниҳоясига етган. Фил бир неча кун давомида қидирилган, уни тутишда дронлар ва қўлга ўргатилган филлардан фойдаланилган. Мутахассислар филни транквилизаторли найзалар ёрдамида ухлатиб қўйишган. 

Times of India нашрининг хабар беришича, фил 12 ноябрда қўриқхонага топширилиши керак.

Маълум қилинишича, қутурган филларга “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи етакчиси Усома Бин Лодиннинг номини бериш анъанаси террорчилик гуруҳининг фаоллашгани билан боғлиқ ҳолда 2006 йилдан бошланган.  Жумладан, бундай лақабли бир фил 10 дан кўпроқ одамни ўлдирган ва шу сабабли уни отиб ташлашга тўғри келган.

Статистикага кўра, Ҳиндистонда охирги 5 йил ичида 2 мингдан кўпроқ одам филлар ҳужуми қурбонига айланган. Ўлдирилган филлар сони эса 2011 йилдан бери 700 га яқинни ташкил қилади.

Филларнинг қишлоқларга бостиришининг асосий сабаби уларга табиий муҳитда озиқа етишмаслиги ҳисобланади.

Мавзуга оид