Light | 17:28 / 12.11.2019
21677
8 дақиқада ўқилади

Sony, McDonald’s, Visa ва бошқалар. Сиз қайси машҳур бренд билан тенгдошсиз?

Дунёдаги йирик компаниялар ҳақидаги маълумотларга кўпчилигимиз бефарқ эмасмиз. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтган.

Англиянинг Love Money портали 1945-2001 йиллар давомида фаолиятини бошлаган йирик компанияларни санаб, уларга қисқача тўхталиб ўтди. Рўйхатга қараб, 18 ёшдан 74 ёшгача бўлганлар ўзлари туғилган йилда қайси машҳур компанияга асос солинганини билиб олишлари мумкин.

Биринчи мақоламиз 1945-1960 йилларда туғилганларга бағишланади.

1945 йил – Minute Maid

1945 йилда Бостон миллий тадқиқот корпорацияси АҚШ армияси учун апельсин шарбатини кукунга концентрация қилишнинг янги усулини ишлаб чиқди ва Florida Foods компаниясига асос солди. Уруш тугагач, фирма Minute Maid номи остидаги музлатилган шарбат концентратини савдога чиқарди.

1960 йилда ичимлик машҳурликка эришгани сабабли ўз номини Minute Maid’га ўзгартирган компания Coca-Cola назоратига ўтди.

1946 йил – Sony

Муҳандис Масару Ибука Токиода жойлашган, урушдан кейин ярим вайрона аҳволда ётган «Nihonbashi» савдо марказида электр қурилмаларини таъмирлаш устахонасини очди.

Бироз вақт ўтгач, Ибука дўсти, физик Акио Морита билан бирга ўша бинонинг ўзида электротехникани ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Компания Tokyo Tsushin Kogyo деб номланди.

Компаниянинг илк маҳсулоти бўлмиш радиоприёмниклар ҳатто хориж дастурларини ҳам узата оларди. Tokyo Tsushin Kogyo 1955 йилда Sony деб қайта номланди. Бундай ном Америка бозори учун жарангдор ва қулай бўлиб кўринганди.

1947 йил – H&M

Бренд асосчиси Эрлинг Персон 1947 йилда Швециянинг Вестерос шаҳрида Hennes (швед тилида «Унинг учун» деган маънони англатади) аёллар кийимлари дўконини очди. 1968 йилда овчи ва балиқчилар учун мўлжалланган Mauritz Widfors дўкони харид қилингач, ассортимент эркаклар ва болалар учун кийимлар билан тўлдирилди. Ном эса «Hennes & Mauritz» деб ўзгартирилди.

Ҳозир H&M дунё бўйлаб 5 мингга яқин дўконга эга. У кийим-кечаклар билан савдо қилиш ҳажми бўйича Inditex (Zara, Bershka, Pull & Bear эгаси) корпорациясидан кейин иккинчи ўринда.

1948 йил – ManpowerGroup

Ушбу рекрутинг компанияси «Fortune 500» рўйхатига кирган. Компанияга адвокатлар Элмер Винтер ва Аарон Шайфельд асос солган.

Икки оғайнига ҳамкорликдаги лойиҳалар учун машинисткаларнинг вақтинчалик хизматлари керак эди. Улар кадр агентликларига мурожаат қилишган, бироқ бозорда машинистка-ходимлар хизматини таклиф этувчи компаниялар йўқлигини аниқлашган.

1949 йил – 20th Century Fox Television

Бэтмен ҳақидаги илк сериал, «Мэш», «Симпсонлар», «Баффи», «Футураму», «24» ва бошқа кўплаб лойиҳаларни тайёрлаган телевизион студия.

1950 йил – Diner's Club

1949 йилда Hamilton Credit Corporation кредит компанияси директори Фрэнк Макнамара Нью-Йоркда мижозлари билан тушлик қилаётиб, пулини уйда қолдиргани ва ҳисобни тўлай олмаслигини тушунди. Шунинг ортидан келажакда ресторанларда тўлов учун нақд пул ўрнига кредит карталарини берадиган «ресторан ишқибозлари клуби»ни очишга қарор қилди.

Diner's Club – кўнгил очиш ва саёҳатлар учун, шунингдек кредит карталари билан ишлайдиган халқаро тўлов тизимларига эга илк мустақил компанияга айланди.

1951 йил – Texas Instruments

Бу компания яримўтказгич, электроника ва микрочизмалар ишлаб чиқаради. У дунё миқёсида яримўтказгичларни ишлаб чиқарувчи компаниялар ўнталигидан жой олган.

Компанияга 1951 йилда АҚШ армияси ва ҳарбий-денгиз кучлари ҳамда нефтни қайта ишлаш саноати учун сейсмик разведка қурилмаларини ишлаб чиқарувчи GSI қайта ташкил этилганидан кейин асос солинган.

1952 йил – Eastpak

Рюкзак, жомадон ва ғилдиракли сумкалар ишлаб чиқарувчи компания. Eastern Canvas Products’га АҚШ армияси билан канопдан рюкзак ишлаб чиқаришга шартнома тузган Монти Голдман асос солган.

1976 йилда истеъмолчилар бозорига ўтилганидан кейин Eastern Canvas Products ўз номини Eastpak’ка ўзгартирди.

1953 йил – Epic Records

Овоз ёзувчи компания жазз ва классик мусиқа билан савдо қилиш мақсадида Columbia Records’дан ажраб чиқди. Ўн йил ўтгач, Epiс рок-н-ролл, кантри ва R&B билан ишлай бошлади.

Epic Records билан ҳамкорлик қилган ижрочилар орасида AC/DC, Майкл Жексон, ABBA, The Clash, RatM бор. 1988 йилдан бери у Sony Music Entertainment’га тегишли.

1954 йил – Burger King

Burger King’нинг ўтмишдоши InstaBurger King 1953 йили Жексонвилда, асосчилар McDonald's ресторанига боришганидан кейин очилган. Ошхонанинг ишлаш тамойили ва таомларга ёндашув рақибникидан олинган.

Асосчилар тармоқни ривожлантиришга ҳаракат қилишди, бироқ корхона инқирозга учради ва уни франчайзлар Жеймс МакЛамор ва Дэвид Эдгертон сотиб олишди. 1954 йилда улар компанияни Burger King деб қайта номлашди.

Компания эгалари жами тўрт марта алмашди. 2018 йилнинг 31 декабрига келиб 100та мамлакатда 17 796 та Burger King ресторанлари фаолият олиб бораётганди. Улардан 99,7 фоизи – франшиза асосида.

1955 йил – McDonald's

Компания бизнеси 1940 йилда илк рестораннинг очилиши билан бошланган. Бироқ корпорация 1955 йилни ўзининг «туғилган йили» деб ҳисоблайди. Айнан шу йили тадбиркор Рэй Крон илк франчайзинг ресторанини очди ва McDonald's’ни тармоққа айлантирди.

1956 йил – Tefal

Идиш-товоқ ва маиший техника ишлаб чиқарувчи, таом тагига олмаслигига қарши қопламали товани яратган француз компанияси. Унга муҳандислар Марк Грегуар ва Луи Хартманн асос солишган.

Компания 1956 йил сўнгига келиб компания кунига 100тадан това ишлаб чиқара бошлаган, 1961 йилда талаб ойига 1 миллионта буюмга етган.

1957 йил – McCain Foods

Музлатилган картошка ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги йирик компания. Унга ака-ука Гаррисон, Роберт, Эндрю ва Уоллес Маккейнлар асос солишган. Улар оилавий корхонада етиштирилган музлатилган картошкани сотишдан бошлашган эди.

Биринчи йили компания 30 нафар ходимни ёллаб, 150 минг доллардан ортиқ даромад олди. 2017 йилда компания тушуми 6,8 млрд долларни ташкил қилди.

1958 йил – Visa

Иккита халқаро тўлов тизимидан бири. Асосчиси – Bank of America. Ташкилот карталар сертификациясини ишга туширган ва аста-секин уюшмага асос солиб, уларни ишлаб чиқариш учун лицензияни бошқа банкларга сота бошлаган.

1976 йил Вьетнамдаги уруш туфайли АҚШнинг обрўсига путур етади. BankAmericard’нинг жаҳондаги машҳурлигига зарар етмаслиги учун раҳбарият тизимни VISA (Visa International Service Association) деб қайта номлайди.

1959 йил – Ellesse

Леонардо Сервадио томонидан асос солинган италян спорт бренди. Ellesse номи унинг исми шарифи биринчи ҳарфлари – LS’дан келиб чиққан. 1970-йилларда бренд чанғичилар ва теннисчилар ўртасида машҳурликка эришган.

Ellesse логотипи буюмларнинг ташқи томонига туширилган илк спорт брендларидан бирига айланди. Ундан Муҳаммад Али, Рожер Мур, Анна Курникова ва бошқа спортчи ҳамда машҳур кишилар фойдаланишди.

1960 йил – Domino's Pizza

1960 йили ака-ука Том ва Жеймс Монаган 75 доллар гаров тўлаб, кейинги харажатлар учун 500 доллар қарз олиб, кичик пиццахона – DomiNick's Pizza’ни сотиб олишди. Саккиз ойдан кейин Жеймс бизнесдаги ўзининг улушини Volkswagen Beetle’га алмашди.

Пиццахона кичик бўлгани учун ишлаб чиқаришни етказиб бериш ҳисобига кенгайтириш мумкин эди. 1965 йилда компания Domino's Pizza деб қайта номланди, 1967 йилда эса франшиза бўйича илк ресторан очилди.

Ҳозирда тармоқнинг 11 мингдан ортиқ пиццахоналари мавжуд.

Мавзуга оид