20:29 / 14.11.2019
0
7785

Тошкентдаги илк «Фан ва атом» фестивали қандай ўтмоқда? (фотожамланма)

Тошкентда илк маротаба «Фан ва атом» фестивали бўлиб ўтмоқда. Ёшлар ўртасида фанни тарғиб қилувчи фестивал «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» корпорацияси ташаббуси билан ташкиллаштирилган.

14 ноябрь куни «Ўзатом» агентлигининг Атом технологиялари ахборот марказида «Фан ва атом» фестивали старт олди. Фан, инновациялар, замонавий технологияларни оммалаштириш, ёшлар ўртасида тарғиб қилишни мақсад қилувчи мазкур фестивалга атом соҳаси олимлари жалб этилган.

«Илм-фаннинг барча соҳаларида, шунингдек, атом энергетикасида ҳам малакали мутахассисларга эга бўлиш учун уларни тайёрлашни мактаб давриданоқ бошлашимиз керак. «Фан ва атом» фестивали бу борада муҳим қадам бўла олади. У ёшларни илмга қизиқтириш ва ўзлари учун керакли касбни танлай олишларига ёрдамлашади», – дейди «Ўзатом» агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Баҳром Мансуров.

Баҳром Мансуров

Фестивалнинг тантанали очилиш қисмида «Росатом Марказий Осиё» корпорацияси бош директори Сергей Громов ҳам сўзга чиқди.

«Илм-фанга ёшларнинг қизиқишини оширишда бугунги фестивал муҳим рол ўйнайди. Фестивал давомида ёш авлод ядро технологияларининг инсон ҳаётини яхшилишга ҳисса қўшгани, саноат ва иқтисодиёт тараққиётида муҳим роль ўйнаши хусусида маълумотга эга бўлишади», – деди Громов.

Сергей Громов

Фестивал давомида ўқувчиларга атом тўғрисидаги билимларни содда ва қизиқарли тарзда тушунтиришни кўзда тутувчи «Техностратегия», «Илмий хронограф», «Атомли добл» каби интеллектуал ўйинлар ўтказилади.

Шунингдек, соҳанинг етакчи олимлари томонидан талабалар учун қизиқарли маърузалар, «Атомларга ажратамиз» ток-шоуси ташкиллаштирилган.

Фестивалда 600 нафардан зиёд мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари иштирок этмоқда.

Маълумот учун, «Фан ва атом» фестивали – ядро фани ва технологиялари соҳасидаги илмий-маърифий тадбирлар мажмуидир. Бундай фестивал атом энергетикаси ривожланаётган Бангладеш, Ҳиндистон, Беларус, Арманистон каби давлатларда ҳам анъанавий равишда кенг миқёсда ўтказиб келинади.

Фестивал 2 кун – 14-15 ноябрь кунлари Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, «Ўзатом» агентлигидаги Атом технологиялари ахборот марказида давом этади.

Мавзу
Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши
Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда биринчи Атом элект станцияси қурилиши бўйича ҳаракатлар бошланди
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top