Ўзбекистон | 13:55 / 16.11.2019
26698
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фақат генералларнинг ҳарбий унвони президент қарори билан пасайтирилиши мумкинлиги белгиланмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжатга кўра, қонуннинг 9-моддаси (Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар таркиби. Ҳарбий унвонлар) тўққизинчи ва ўнинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ҳарбий бурчни жиддий тарзда бузганлик, ҳокимиятни суиистеъмол қилганлик, зиммасига қонунлар ва умумҳарбий низомлар билан юклатилган талаблар ва мажбуриятларни фавқулодда вазиятларда бажармаганлик учун генераллар таркибидаги шахсларнинг ҳарбий унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан пасайтирилиши мумкин.

Офицерлар таркибига мансуб ҳарбий хизматчиларни, шу жумладан резерв ёки захирадаги шахсларни ҳарбий унвондан улар оғир ва ўта оғир жиноят учун ҳукм этилганларида фақат суднинг қарори билан маҳрум қилиш мумкин.”.

Амалдаги таҳрирга кўра, ҳарбий бурчни жиддий тарзда бузганлик, ҳокимиятни суиистеъмол қилганлик, зиммасига қонунлар ва ҳарбий уставлар билан юклатилган талаблар ва мажбуриятларни фавқулодда вазиятларда бажармаганлик учун катта офицерлар ва генераллар таркибидаги шахсларнинг ҳарбий унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондонининг қарори билан пасайтирилиши мумкин.

Офицерлар таркибига кирувчиларни ҳарбий унвондан улар оғир ва ўта оғир жиноят учун ҳукм этилганларида фақат суднинг қарори билан маҳрум қилиш мумкин.

Шунингдек, юқоридаги модда қуйидаги мазмундаги ўн биринчи қисм билан тўлдирилади:

“Сержантлар таркибига мансуб ҳарбий хизматчиларни ҳарбий унвондан маҳрум этиш ҳарбий хизматчи томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилгани учун бошқа интизомий жазо чоралари етарли бўлмаган тақдирда суд ёки вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг қарори билан амалга оширилиши мумкин.”.

Мавзуга оид