Жаҳон | 20:59 / 09.09.2024
2082
2 дақиқада ўқилади

Полшада хизмат итларига ҳарбий унвон бериш бошланди

Полша Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи ўтган йили мамлакат армиясида хизмат қиладиган итларга олти турдаги — рядовойдан капрал ва сержантга қадар ҳарбий унвонлар топширилиши бўйича фармойиш чиқарган.

Фото: AP

Полшада Эйнар, Элиот, Энсо ва Эми лақабли хизмат итларига янги дастур доирасида жорий этилган ҳарбий унвонлар топширилди, деб хабар беради Associated Press.

Қайд этилишича, Полша Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Веслав Кукула ўтган йили мамлакат армиясида хизмат қиладиган итларга олти турдаги — рядовойдан капрал ва сержантга қадар ҳарбий унвонлар топширилиши бўйича фармойиш чиқарган.

«Ушбу унвон итларнинг хизмат давомидаги оғир меҳнатини қадрлаш мақсадида жорий этилган», — дейди Элиот лақабли итни беш ой давомида шуғуллантирган кичик капрал Дэниэл Кесицки.

Тақдирлаш маросимида кинологларга ўз ити муносиб кўрилган ҳарбий унвон нишонлари топширилган. Таъкидланишича, ҳарбий унвонлар 1 йилдан ортиқ вақтдан бери хизмат ўтаётган итларга берилмоқда.

«Улар портловчи моддаларни топишга мўлжалланган оддий восита эмас, балки тирик жонзотдир», — дейди капитан Донимик Плаза.

Маълумотларга кўра, мукофотга лойиқ кўрилган 2-Мазовецкий муҳандислик полки итлари Парижда ўтказилган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида объектларда портловчи моддалар бор-йўқлигини аниқлашда француз хавфсизлик хизматларига кўмаклашган.

Полша армияси итлари бошқа халқаро миссияларда, жумладан, Ироқ ва Афғонистонда ҳам хизмат ўтаб келади. Ёз фасли бошида Украина миналарни тозалашда ҳарбийларга ёрдам беришга ўргатиш учун 12 та итни Полшага юборишини маълум қилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид