Ўзбекистон | 22:57 / 21.11.2019
25442
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда товламачилиги учун қўлга олинган «мухбир»нинг Kun.uz’га алоқаси йўқ

Ижтимоий тармоқларда Kun.uz мухбирлари Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги мактабгача таълим муассасаси мудирасидан пора олаётган чоғда қўлга тушгани ҳақида нотўғри хабарлар тарқалмоқда.

Биз мазкур масалага ойдинлик киритдик.

Маълум бўлишича, Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи, маҳаллий босма нашрлардан бирида ишловчи журналист Ш.Қ. (у аввал ҳам товламачиликда айбланиб 3 йилга озодликдан маҳрум этилган) ўзини Kun.uz мухбири деб таништириб, Нарпай туманидаги боғчалардан бирида ишловчи ходимдан журналистик суриштирув учун ариза қабул қилган.

Шундан сўнг аризада кўрсатилган Нарпай туманидаги МТТлардан бирида суриштирув ўтказиб, болалар боғчасидаги айбларни топиб, уни Kun.uz сайтида эълон қилиш билан қўрқитган. Бунда у ўзининг таниши, Каттақўрғон туманидаги МТТлардан бирида мудира бўлиб ишловчи Т.Э.дан воситачи сифатида фойдаланган.

Воситачи орқали Нарпай туманидаги МТТ мудирасидан 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган чоғда Т.Э. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган. Такрорий тадбир билан Ш.Қ. ҳам ушланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Октябрь ойида рўй берган мазкур воқеа юзасидан айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда «Kun.uz мухбири ким? — сохта мухбирларга дуч келиб қолмаслик учун эътибор берилиши керак бўлган жиҳатлар» сарлавҳаси остида огоҳлантирувчи мақола эълон қилган эдик. Мақолада айни шу воқеага ҳам қисқача тўхталиб ўтган эдик.

Таъкидлаш жоиз, мухбирларимизга сайт томонидан хизмат бейжиги берилган. Уларнинг ҳақиқийлигини Kun.uz сайтининг тегишли саҳифаси орқали текшириш мумкин.

Мавзуга оид