Иқтисодиёт | 15:01 / 23.11.2019
14939
2 дақиқада ўқилади

Давлат ташқи қарзини жалб қилишнинг юқори чегаралари белгиланади

Фото: Paul Yeung/Blomberg

Ўзбекистонда давлат ташқи қарзини жалб қилишнинг юқори чегараларини белгилаш механизми жорий қилинади. Бу ҳақда 2020 йилда инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”да айтилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Давлат қарзларини бошқариш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси, жумладан мазкур фармонда ташқи ва ички омиллар ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда давлат қарзларини бошқариш бўйича ўрта муддатли стратегияни ҳар йили янгилаб бориш назарда тутилади.

Молия вазирлиги (Ишметов) 2019 йил декабрь ойигача бу борадаги ишларни амалга ошириши зарурлиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мувофиқлаштирилган солиқ-бюджет сиёсатини юритиш мўлжалланмоқда. Умумий фискал баланс тақчиллигини 2022 йилдан бошлаб ЯИМнинг 1,5 фоизидан оширмайдиган даражагача босқичма-босқич қисқартириб бориш режалаштирилган.

Ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш ҳам кўзда тутилган.

Бунда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади:

инвестицион лойиҳаларни танлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) тизимини жорий қилиш;

ижтимоий соҳа тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва бошқа тармоқлар бўйича инвестицион лойиҳаларни танлаш меъёрлари ва муҳимлигини белгилаш тартибини ўрнатиш;

марказлашган инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ва амалга оширишга таклиф этиладиган лойиҳалар маълумотларининг ҳар йили янгиланадиган ягона базасини яратиш;

Инвестиция дастурини марказлашган инвестициялар ҳисобидан амалга ошириш доирасида ҳудудий лойиҳаларни маҳаллий ресурслар ёки тармоқ вазирликлари ва идораларнинг бюджетидан ташқари ўз маблағлари ҳисобидан бажариш орқали Давлат бюджети улушини босқичма-босқич камайтириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид