22:22 / 24.11.2019
0
27991

Оренбургдаги йўл-транспорт ҳодисасида Ўзбекистоннинг 4 нафар фуқароси ҳалок бўлган

Фото: Россия ФВВ

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, 2019 йил 24 ноябрь куни Оренбург области ҳудудида, Оренбург-Оқбулоқ трассасида микроавтобус ва юк машинаси иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида Ўзбекистоннинг 4 нафар фуқароси ҳалок бўлган, бир нафар ҳамюртимиз Оренбург области клиник шифохонасига жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, микроавтобусда ҳаммаси бўлиб 8 киши, жумладан Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси бўлган.

Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Аввалроқ Россиянинг Оренбург областида Москва вақти билан соат 4:10да Оренбург-Оқбулоқ автомобил йўлининг 15-километрида, Чистий посёлкаси яқинида ичида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган Hyundai микроавтобуси ва Scania юк машинаси тўқнашуви юз бергани, бунинг оқибатида 6 киши, жумладан, микроавтобус ҳайдовчиси ва 6 ёшли бола ҳалок бўлгани маълум қилинганди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top