Иқтисодиёт | 13:05 / 26.11.2019
5499
3 дақиқада ўқилади

«Ўзсаноатқурилишбанк» илк корпоратив халқаро облигацияларни чиқарди 

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ўз ресурс базасини мустаҳкамлаш ва экспортга йўналтирилган саноат лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида илк корпоратив халқаро облигацияларни чиқарди. 

18-22 ноябрь кунлари Цюрих, Франкфурт ва Лондон шаҳарларида бўлиб ўтган музокараларда халқаро инвесторлар томонидан президент бошчилигида иқтисодиёт тармоқларида (жумладан, банк соҳасида) амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берилди. 

Йирик инвесторлар томонидан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг молиявий ҳолати, Халқаро молия корпорацияси иштирокидаги трансформация жараёни ҳамда Банкни босқичма-босқич хусусийлаштиришга қаратилган стратегия ижобий омил сифатида эътироф этилди. 

Шу сабабли, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ инвесторлар томонидан Ҳукумат кафолати остидаги давлат банки эмас, балки тўлақонли тижорат банки сифатида қабул қилиниб, Россиянинг “Московский кредитний банк” (5 йиллик 5,3 фоиз), Грузиянинг “TBC Bank” (5 йиллик 5,75 фоиз), Туркиянинг “Akbank” (5 йиллик 6 фоиз) каби банкларига таққосланди.

Натижада, 25 ноябрь куни амалга оширилган савдоларда 150дан ортиқ инвесторлардан 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида буюртмалар келиб тушди ва халқаро облигациялар 6 фоиз даромадлилик ставкаси, 5,75 фоиз купон ставкаси ва 98.934 фоиз дастлабки нарх билан жойлаштирилди. 

Мазкур фоиз ставкалари МДҲ банклари томонидан илк бора чиқарилган (дебют) халқаро облигациялар ичида энг пастларидан бири ҳисобланиб, юртимизнинг бошқа тижорат банклари ва корхоналари учун “бенчмарк” бўлиб хизмат қилади. 

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 300 млн. доллар миқдоридаги халқаро облигациялари Буюк Британия (30 фоиз), АҚШ (16 фоиз), Европа (40 фоиз) ҳамда Осиё ва Яқин Шарқ (14 фоиз) инвесторлари орасида жойлаштирилди.

Халқаро облигацияларнинг муҳим афзалликларидан бири – корпоратив эмитентлар томонидан давлат кафолатисиз ёки гаров таъминотисиз кредит жалб қилиш имконияти ҳисобланади. Бунда инвесторлар мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, эмитентнинг молиявий ҳолати, тўлов қобилияти ва кредит рейтингига катта эътибор берадилар. Шу билан бирга, эмитентнинг инвесторлар билан юзма-юз учрашувлари (роудшоу) облигациялар учун буюртмаларни шакллантириш ва фоиз ставкаларини белгилашда муҳим рол ўйнайди. 

Яна бир афзаллик - халқаро капитал бозорлари бирор йирик хорижий банк ёки инвесторга боғлиқ эмаслиги ва шу туфайли, мамлакат иқтисодиётини барқарор молиялаштириш учун ресурс манбаси эканлигидан иборат. Қолаверса, халқаро облигациялар тижорат банклари ва давлат корхоналарининг акцияларини капитал бозорларида шаффоф равишда сотиш учун (IPO) ўзига хос тайёргарлик мактабини ўтайди.

Юқоридаги омиллар инобатга олинган ҳолда, 2020 йилда Ўзмиллийбанк, Ипотека банки ва Навоий КМКнинг халқаро облигациялари чиқарилиши режа қилинмоқда.

Мавзуга оид