Жаҳон облигация бозорида инқироз: нега бундай бўляпти?
Дунё бўйлаб давлат облигациялари бозори – молиявий тизимнинг асосий элементларидан бири – охирги ўн йилликлардаги энг қийин даврни бошдан кечирмоқда.
Йирик иқтисодиётларда давлат облигациялари даромадлилиги кескин ошган. 2025 йил январ ойида АҚШнинг 10 йиллик ғазначилик облигацияларининг даромадлилиги 4,7 фоизга етган бўлса, Британия ҳукумати чиқарган облигациялар даромаддорлиги 2008 йилдан бери энг юқори даражага чиқиб, 5 фоизга яқинлашган. Европа ва Японияда ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилмоқда.
The Economist'нинг ёзишича, бу беқарорликнинг асосий сабабларидан бири – инфляция. Нархларнинг ошиши облигацияларнинг барқарор даромадини камайтиради, шу сабабли сармоядорлар ўз маблағларини инфляциядан ҳимоя қилиш учун юқори даромадлиликни талаб қилмоқда. Айрим мамлакатларда инфляция пасаяётган бўлса-да, марказий банклар эҳтиёткорликни сақлаб, фоиз ставкаларини юқори даражада ушлаб турибди. Бу эса бозорларда қўшимча босим яратмоқда.
Сармоядорларнинг кутилмалари ҳам бозорга жиддий таъсир кўрсатмоқда. G7 мамлакатларида бюджет тақчиллигининг ошиши давлат молиясининг барқарорлигига бўлган ишончни заифлаштирмоқда. Инфратузилма ва ижтимоий дастурларга сарфланадиган харажатлар зарур бўлса-да, бу қарз юкини узоқ муддатга ошириши мумкин. Шунинг учун сармоядорлар юқори риск туфайли даромад ҳам шунга яраша бўлиши керак деб ҳисобламоқда.
Бундан ташқари, марказий банклар ёрдамининг камайиши бозорни янада беқарорлаштиряпти. Аввалги йилларда марказий банклар облигацияларни сотиб олиб, бозорни барқарорлаштирган бўлса, ҳозирда улар ўз активларини қисқартирмоқда. Бу эса нархларнинг тушишига ва даромадлиликнинг ошишига олиб келяпти.
Геосиёсий беқарорлик вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Халқаро муаммолар, савдо низолари ва глобал сиёсий танглик сармоядорларнинг эҳтиёткорлигини кучайтиради. Бу омиллар бозорларда риск мукофотларини оширмоқда.
Бу инқирознинг оқибатлари кенг кўламли. Ҳукуматлар учун облигация даромадлилигининг ошиши қарз олишнинг қимматлашишини англатади, бу эса давлат бюджетига қўшимча босим яратади. Истеъмолчилар учун эса давлат қимматли қоғозларининг юқори даромадлилиги ипотека ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ошишига сабаб бўлиб, иқтисодий фаолиятни чеклайди.
Бюджет харажатлари, геосиёсий хавфлар ва марказий банкларнинг ёрдамининг камайиши натижасида инқироз ҳали бир муддат давом этишини кутиш мумкин.
Мавзуга оид
10:56 / 26.01.2025
“Давлатлар бўйнидаги қарз хавотирли даражага етди” – Давос форумида муҳокама
17:46 / 26.12.2024
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди
16:56 / 07.12.2024
Хитой кредитларининг иккита асосий хавфи айтилди
19:22 / 05.12.2024