Жаҳон | 09:32 / 27.11.2019
3497
2 дақиқада ўқилади

Alibaba акциялари Ҳонгконг биржасидаги илк савдо куни 8 фоизга қимматлашди

Фото: Flickr

26 ноябрда Ҳонгконг биржасида Хитойнинг Alibaba компанияси акциялари илк савдоси бошланди. Савдолар бошланиши биланоқ компания акциялари нархи 8 фоизга кўтарилиб кетди. Ярим соатдан кейин у 1 фоизга арзонлашган. Охирги маълумотларга кўра, компаниянинг бир дона акцияси 188 Ҳонгконг долларидан (24 доллар) сотилмоқда.  

Ҳонгконг биржаси учун Alibaba акцияларининг жойлаштирилиши 2010 йилдан бери энг йирик листинг бўлди. Осиёнинг энг қиммат компанияси ҳисобланувчи Alibaba савдолардан 11 млрд доллар жалб қилишга муваффақ бўлган. 

Ушбу маблағлар Alibaba’нинг Хитойдаги рақобатчилар билан курашини молиялаштиришга йўналтирилади. Bloomberg ахборот агентлигининг баҳолашича, акцияларнинг биржада жойлаштирилиши орқали Хитой компаниясининг нақд пул ҳажми 44 млрд долларгача етади.   

Alibaba’нинг Ҳонгконг биржасига чиқиши Ҳонгконгда баҳордан бери давом этаётган норозилик намойишлари ортида айниқса аҳамиятлидир: бундай йирик компаниянинг Ҳонгконг биржасига чиқиши сармоячиларнинг жиддий сиёсий инқироз ортида ҳам Ҳонгконгга ишончлари сўнмаганидан дарак беради. 

Мавзуга оид