Ўзбекистон | 21:00 / 29.11.2019
3867
4 дақиқада ўқилади

Япониянинг етакчи ОАВ вакиллари Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишишди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи олдидан кунчиқар мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун юртимизга инфотур ташкил этилди. Инфотур Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Япония делегацияси таркибидан “ NHK” телерадиоешиттиришлар корпорацияси, “ JIJI Press” ахборот агентлиги, “Mainichi Shimbun”, “Sankei Shimbun”, “To-o Press”, “Chunichi Shimbun”газеталари ҳамда “Globe-Trotter Travel Guidebook” туристик журнали каби таниқли ОАВ вакиллари ўрин олган.

Таъкидлаш жоизки, Япония медиаси вакиллари давлат раҳбарининг декабрь ойида Японияга амалга оширадиган ташрифини кенг ва самарали ёритишни мақсад қилишган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов япониялик журналистлар делегацияси билан учрашиб, уларга бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган йирик ислоҳотлар, хусусан таълим, туризм, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Журналистлар Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи олдидан япон жамоатчилигининг Ўзбекистонга оид билимларини ошириш ҳамда мамлакатимиз билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Жумладан, улар бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар, сиёсий жараёнлар, Ўзбекистоннинг очиқлик ва шаффофлик сиёсатига ўтиши, Тошкент-Нагоя ҳамкорлик алоқалари, туризм инфратузилмаларига қизиқиш билдиришди. Шунингдек, Япония делегацияси вакиллари айни дамда Ўзбекистонда сайловлар олдидан ўтказилаётган дебатларга ҳам тўхталиб, ОАВ орқали бундай жараёнларни қизиқиш билан кузатиб бораётганликларини маълум қилишди.

Япония ОАВ вакиллари ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд шаҳарлари, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида бўлишди. Сурхондарёдаги Термиз археология музейи, Будда археологик ёдгорликлари, Фаёзтепа, Қоратепа ҳамда Окс Александрияси (Кампиртепа) уларда жуда катта таассурот қолдирди. “Globe-Trotter Travel Guidebook” туристик журнали вакили Термиз шаҳрини “Японияликлар албатта саёҳат қилиши лозим бўлган йўналишлар” рўйхатига қўшишини ва бу йўналиш японияликларда катта қизиқиш уйғотишини билдирди.

Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида ушбу ҳудудни япониялик сайёҳлар орасида кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидлаган эди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, Япония делегацияси Ўзбекистон Президентининг кунчиқар мамлакатга ташрифи мақсадига ҳам қизиқиш билдирди. Уларга барча соҳалар ва айниқса, таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиши, ушбу соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда Япония таълим тизимини тарғиб қилиш кўзда тутилаётгани маълум қилинди.

Учрашув якунига кўра, япониялик журналистлар олинган маълумотлар асосида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифини кенг ва самарали ёритишларини таъкидлашди.

Маълумот учун: Япониянинг “NHK” телерадиоэшиттиришлар корпорацияси дунёдаги энг йирик телерадиокомпаниялардан бири ҳисобланади. Корпорация дунё бўйлаб 29 ваколатхонасига эга. “Mainichi Shimbun” газетаси 5,6 миллиондан зиёд нусхада чоп этилади. Нашриёт хорижий мамлакатларда 28 ваколатхонасига эга. Унинг аудиторияси 30 миллион кишини ташкил қилади. Газета мунтазам равишда Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти, тарихи, анъаналари ва маданияти ҳақида материаллар тақдим этиб боради. “Globe-Trotter Travel Guidebook” Япониянинг 1969 йилда ташкил топган етакчи туристик нашриёти. Нашриёт ҳар куни сайёҳлик журналлари, газеталари, япон тилида бошқа мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон бўйича қўлланмалар чоп этади. 4 миллион нусхада чоп этилувчи “Chunichi Shimbun”газетаси асосан Япониянинг марказий қисмини қамраб олган бўлиб, бундан ташқари, Лондон, Париж, Берлин, Вашингтон, Нью-Йорк, Москва, Қоҳира, Бангкок, Пекин, Шанхай ва Сеул шаҳарларида хорижий филиалларига эга.

Мавзуга оид