13:51 / 30.11.2019
6
21230

Иқтисодиёт ва саноат вазири: истеъмол саватчасига тахминан 50та озиқ-овқат маҳсулоти киритилиши мумкин

Ботир Хўжаев / Фото: KUN.UZ

Сенатор Одилжон Иминов Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида иқтисодиёт ва саноат вазиридан ҳудудларда истеъмол саватчаси ва яшаш даражасининг минимуми қанча миқдорда белгиланганига ойдинлик киритишни сўради.

Вазир Ботир Хўжаевнинг айтишича, истеъмол саватчаси ҳажмини аниқлаш ва унинг асосида яшаш даражасининг минимумини белгилаш юзасидан тегишли методология ишлаб чиқилган. Ҳозир ушбу методология тест режимида бир қатор вилоятларда, хусусан, Фарғона, Тошкентда тест режимида амалга оширилмоқда. Тест режими пенсионерлар, болалар, ишлаётган фуқаролар кесимида олиб борилмоқда.

“Методология жиҳатидан гапирадиган бўлсак, бу ерда 4та нарсага эътибор берганмиз. Биринчиси, истеъмол саватчасининг таркибини шакллантириш. Бу тахминан 50та озиқ-овқат маҳсулотидан иборат. Иккинчиси, ҳудудлар кесимида истеъмол саватчасининг таркибини, ҳажмини аниқлаш. Кўпчиликка сир эмаски, ҳудудлар кесимида озиқ-овқат истеъмол қилиш даражаси ҳар хил. Методологияга киритилган учинчи масала - аҳолининг табақасига қараб туриб озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ҳам инобатга олинган. Мана, мисол учун, ЖССТнинг тавсиялари бўйича ва мамлакатимизда ишлаб чиқилган, кунига ишлатиладиган озиқ-овқат меъёрлари назарда тутилган. Биз фақат халқаро меъёрлардан келиб чиқмаяпмиз, аҳолимизнинг асрлар давомида шаклланган анъаналари, истеъмол талаблари ҳам инобатга олиняпти”, дея Ботир Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ботир Хўжаев ҳозирча бу рақамлар Фарғона ва Тошкент вилоятига тегишли экани, буни аҳолининг ҳар бир табақаси ўзи учун қабул қилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Вазир, шунингдек, эксперимент натижалари нима учун эълон қилинмаётганига тўхталиб ўтди.

“Бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг келишуви бўйича 2019 йилдан бошлаб амалга ошириляпти. Яъни, биз 2018 йилда топшириқ бўлгандан кейин методологияни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритганмиз ва 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб бу жараён кетяпти. Натижалар ҳар чорак якуни бўйича аниқланяпти. Битта нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, бу халқаро тажрибада барча мамлакатларда қўлланилаётган методика эмас. Бу асосан МДҲга аъзо айрим давлатлар, мисол учун, Қозоғистон, Россия ва бир қатор мамлакатларда қўлланаётган тажриба ҳисобланади. Россия тажрибасини оладиган бўлсак, яшаш минимумини аниқлаш ва энг кам ойлик миқдорини белгилашга 10 йил кетган. Бизда ҳам иккита кўрсаткични мувозанатга келтиришга бир неча йил кетади. Умуман, истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми бир-бири билан боғланган. Ҳозир баъзи бир интернет саҳифаларида истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини белгилаш бўйича алоҳида қонун қабул қилиниши тўғрисида таклиф киритиляпти. Айни пайтда бундай қонун қабул қилиниши керакми ёки йўқми, бунинг устида изланяпмиз. Аввал истеъмол саватчаси аниқланади ва унинг асосида яшаш минимуми белгиланади. Тест режимидан мақсад - синалаётган методологияни эпақага келтириш”, дейди Ботир Хўжаев.

Иқтисодиёт ва саноат вазирининг сўзларига кўра, истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини белгилашда инфляция кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олиниши, шу сабабли вазирлик ҳозирча бир тўхтамга келишдан тийилаётгани, тест натижалари якунлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берилиши кўзда тутилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top