Жаҳон | 20:20 / 01.12.2019
15562
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик тадбиркор Forbes Uzbekistan журналини чоп этади 

Арманжан Байтасов / Фото: Андрей Лунин

Қозоғистонлик тадбиркор Арманжан Байтасов Forbes Uzbekistan нашрини очмоқда. Бу ҳақда Forbes.kz сайтида маълум қилинди. 

“Катта мамнуният билан маълум қилмоқчиманки, компаниямиз Ўзбекистонда Forbes журналини нашр қилиш ҳуқуқини олди. Янги лойиҳанинг яратилиши мени янги ишларга илҳомлантиради. Бундай бренд остида навбатдаги лойиҳани бошлаш эса икки карра илҳомлантиради. Бу ғайрат-шижоат беради ва қўшимча позитив кайфият яратади”, деб айтган Forbes Kazakhstan ва Forbes Georgia нашрлари эгаси Арманжан Байтасов.

Янги журнал таҳририяти Тошкентда жойлашади. Мутолаачиларга нашрнинг икки версияси – сайт ва журнал тақдим этилади. Журнал ҳозирча рус тилида чоп этилади, сайт эса ўзбек ва рус тилларида фаолият юритади. 2020 йил мартда журналнинг илк сонини чоп этиш режалаштирилган. 

Тадбиркорнинг таъкидлашича, Forbes нашрининг Ўзбекистонда очилиши жуда долзарбдир, чунки республика бизнес юритиш нуқтаи назаридан ҳозирда жуда истиқболлидир.  

“Ўзбекистон йирик инвесторлар учун қулай шароитларга эга дунёнинг энг жадал ривожланаётган давлатларидан биридир. Қўшни мамлакат иқтисодиётида ҳозир юз бераётган ўзгаришлар, Ўзбекистон раҳбарияти дунё бизнесига бераётган ишора катта қизиқиш уйғотади. Тадбиркорлар мамлакат охирги ойлардаги каби фаол равишда очилиши ва ривожланишига мўлжал олганлар”, деб қўшимча қилган бизнесмен.  

Байтасовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Forbes Club ҳам очилади ва уни тадбиркорнинг ўзи юргизади. 

Мавзуга оид