Жамият | 14:46 / 02.12.2019
41204
2 дақиқада ўқилади

ИИВ ва Бош прокуратура Қизил китобга киритилган оққушни ўлдирган шахсни қидирмоқда

Фото: Instagram

Жорий йилнинг 26-27 ноябрь кунлари ижтимоий тармоқларда, хусусан, Instagram’да фойдаланувчи gafurovskiy.95 томонидан фотосурат эълон қилинди. Унда ёш йигит ўлдирилган тулки ва вишилдоқ оққушни қўлида ушлаб тургани, ерда эса учта каптар ва қуён ётганини кўриш мумкин.

«Суратга кўра, барча ҳайвонлар ва қушлар ўлдирилган. Шуни таъкидлаш керакки, вишилдоқ оққуш ҳам Ўзбекистон Қизил китобига, ҳам Халқаро Қизил китобга киритилган», - дея хабар берган Экология қўмитаси.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳайвонот оламига етказилган умумий зарар 12 миллион сўмдан ошади.

Суратдаги йигитнинг шахсини аниқлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш учун барча мавжуд маълумотлар, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган фотосурат Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага юборилди.

Ушбу ҳолат Экология қўмитаси назорати остига олинган. Кейинги барча маълумотлар қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши айтилади.

Бундан олдин, Қашқадарёда қўнғир айиқнинг ўлдирилиши бўйича тафсилотлар маълум қилинганди.

Мавзуга оид