Фан-техника | 17:18 / 07.12.2019
21793
2 дақиқада ўқилади

ФҚБ «ақлли телевизорлар» эгаларини огоҳлантирди

Фото: Fox News

АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси «ақлли телевизорлар» - Smart TV эгаларини ушбу қурилмаларга бузиб кириш осонлиги ва хакерлар улар ёрдамида одамлар ортидан кузатишлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Бундан ташқари, шахсий маълумотлар йирик компанияларга юборилади, компаниялар эса улардан фойдаланади. Бу ҳақда NBC News телеканали сюжетида маълум қилинган.

Жиноятчилар телевизорингизга уланиб, энг камида каналларни ўзгартиришлари, телевизор овозини баланд-паст қилишлари ва фарзандларингизга беҳаё видеолар намойиш қилишлари мумкин. Энг ёмон вазиятда эса улар телевизор камераси ва микрофонига уланиб, ортингиздан кузатишлари мумкин.

«Ақлли телевизорлар» одатда бошқариш пультига ўрнатилган микрофон билан жиҳозланган бўлади. Бу микрофон телевизорни овоз ёрдамида бошқаришга имкон беради. Мутахассислар микрофон ҳар доим ишчи ҳолатда бўлиши ва буйруқларни бажаришга шай туришидан огоҳлантиришган.

«Кўплаб фойдаланувчилар ушбу янги қурилмалар орқали бегоналарга ўзлари ҳақида қанча маълумот тақдим қилишларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар», деб айтган Sophos хавфсизлик компанияси вакили Жеймс Лайм. 

2018 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, миллионлаб «ақлли телевизорлар» хавфсизлик тизимида заиф жойга эга эканлигини аниқланган. Таъкидланишича, маълумотларингиз ортидан нафақат хакерлар “ов қилади”. Яқинда ўтказилган тадқиқот давомида кўплаб қурилмалар автоматик равишда Amazon, Facebook ва Netflix’га маълумотлар жўнатиши аниқланган.

Мутахассисларнинг тавсия қилишича, агар бу ҳолат сизга ёқмаса, телевизор созланмаларини текшириб кўринг. Баъзи моделларда фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва микрофон функцияларини ўчириб қўйиш имкони мавжуд. ФҚБ ходимлари, шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоялаш учун телевизор камераси устидан қора скотч ёпиштириб қўйишни тавсия қилишган.