Жаҳон | 21:33 / 10.12.2019
75205
8 дақиқада ўқилади

Ками 19 йил. Петербург метросидаги портлаш бўйича айбланганларга ҳукм ўқилди

2017 йил апрелида Петербург метросида портлаш рўй берган: 15 киши ҳалок бўлиб, яна 100 киши жароҳатланганди. Икки ярим йил вақт ўтиб суд ушбу ҳодисада айбланган 11 кишига ҳукм ўқиди - уларга 19 йиллик қамоқдан умрбод қамоққача бўлган жазолар тайинланди. Судланганлардан ҳеч бири ўзига қўйилган айбловни тан олмади.

Шоҳиста Каримова ва Аброр Азимов / Петр Ковалев / ТАСС / Scanpix / LETA

«Медуза» ушбу иш бўйича ҳал қилувчи йиғилишдан репортаж тайёрлади.

«Менинг ўғлим уларни кимгадир юлдузча [погонда] кераклиги учун қамашаётганини тушуниб турибди», — дейди суд мажлисидан олдин 11 судланувчидан бирининг онаси Ёрқиной Мирзаалимова. Аёл титраган овоз билан сўнгги икки ярим йилда президент администрациясига, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга ва бошқа нуфузли шахсларга хатлар йўллагани, аммо тайинли жавоб келмаганини гапиради.

У барча хатларида битта нарсани ёзган: ўғли Маҳаммадюсуф Мирзаалимовнинг тарихини. Уни Товарищеский проспектдаги квартирада яна олти киши билан бирга қўлга олишган — уларнинг барчаси теракт бўйича ишда айбланган. Терговнинг ҳисоблашича бу шахслар террорчи гуруҳ тузган ва метродаги портлашга тайёргарлик кўрган. Квартирадаги тинтув вақтида метрода портлаган бомбага ўхшаш бўлган портловчи қурилма топилган — қўлга олинганлар эса қурилма уйга махсус хизматлар ходимлари томонидан ташлаб қўйилгани ҳақида айтишган.

Маҳаммадюсуф Мирзаалимов ошпаз бўлиб ишлаган. Товарищеский проспектдаги квартирага у портлашдан икки кун олдин — 2017 йилнинг 1 апрелида келган бўлган. Унинг онаси айтишича, ўғли бу ерда янги жой топгунича вақтинча яшаб турмоқчи бўлган: «Менинг ўғлим шунчаки кераксиз вақтда кераксиз жойда — ўша квартирада бўлиб қолган».

Ёрқиной Мирзаалимова иш бўйича шуғулланган терговчилар билан гаплашганида, гўёки улардан бири текширув ишлари давомида «юқоридан келган буйруқ» туфайли қоидабузарлик қилишга мажбур бўлгани ҳақида айтган.

Судда бошқа судланувчиларнинг қариндошлари иштирок этмади. Мирзаалимова буни шундай изоҳлайди: шунчаки кўпчилик оилалар бошқа шаҳарлардан Петербургга келишга қурби етмади.

Ольга Мальцева / AFP / Scanpix / LETA

Соат 13:00 атрофида журналистлар ва бошқаларни суд залига киритиш бошланди. 11 айбланувчилар бу вақтда «аквариум»-қафасда суд бошланишини кутиб турар эди. Судланувчилардан бири — Шоҳиста Каримова, қўлга олингунга қадар кафеда сабзавот тўғровчи бўлиб ишлаган аёл — дарҳол ўзи ва бошқа айбланувчилар «подстава» қилингани ҳақида айтиб бақирди. 2017 йил апрелида тинтув вақтида Каримова яшаган уйдан граната ва детонаторлар топилган — ўтган икки ярим йил вақт мобайнида у буларнинг барчаси уйига яширинча ташлаб қўйилгани ҳақида гапириб келди.

Теракт бўйича ишни текшириш бир йилдан ортиқ вақт давом этди, уни судда кўриб чиқиш учун 8 ой вақт кетди. Ҳукм чиқариш учун эса — атиги ярим соат. Шу вақт ичида «аквариум»даги 11 киши айбдор деб топилди. Энг оғир жазо — қатъий режимдаги колонияда умрбод қамоқ жазоси — Аброр Азимовга берилди. Тергов уни терактнинг асосий ташкилотчиси деб эълон қилган — хусусан, айнан у метрода ўзини портлатган Акбаржон Жалиловга кўрсатма бергани айтилган.

Азимовнинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг 17 апрелида ўзининг «саҳналаштирилган» қўлга олинишидан икки ҳафта олдин уни ўғирлаб кетишган ва аллақайси бино ертўласида терактга алоқадорлигини бўйнига қўйиш учун қийнашган. Якунда у керакли кўрсатмани берган, лекин кейинчалик бу кўрсатмасидан тонган. Бошқа гумонланувчилар ҳам ертўладаги қийноқлар ҳақида кўрсатма беришган. Republic манбасининг сўзларига кўра, бу объектдан ФСБ ходимлари фойдаланиб келишган, у ерда асосан Марказий Осиёдан келганлар тутиб турилган. Бу махфий қамоқхонанинг жойлашган ўрнини аниқлашнинг имкони бўлмаган.

Аброрнинг укаси Акрам Азимов ҳам ўзини қийноққа солишгани ҳақида гапирган — терговчилар уни ҳам портлашнинг асосий ташкилотчиларидан бири сифатида қарашган.. Прокуратура уни ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраганди, аммо суд махсус тартибли колонияга 28 йиллик қамоққа ҳукм қилди. Прокуратура яна икки айбланувчига — Ибрагимжон (2015 йилда Жалилов билан бир кафеда ишлаган) ва Муҳамадюсуп Эрматовга ҳам умрбод қамоқ жазоси сўраганди — уларга 27 ва 28 йиллик қамоқ жазолари берилди. Айбловчиларнинг ҳисоблашича, ака-укалар Петербургда теракт учун жой излашган ва Товарищеский проспектдаги квартирада бомба тайёрлашган.

Эрматовларнинг ҳимоячилари ва қариндошлари эса кучишлатар тизим вакиллари бу квартира ҳақида Эрматовларнинг ўзидан билган, деган фикрда. Муҳамадюсупнинг отаси Баҳодир Эрматов «Медуза» мухбири билан суҳбатда, ўғли терактдан икки кун ўтиб, 2017 йил 5 апрелида ишга кетгач ғойиб бўлиб қолгани ҳақида айтган. Ибрагимжон Эрматов ва Маҳаммадюсуф Мирзаалимов уни кунбўйи қидиришган ва кейин полицияга мурожаат қилишган. Мурожаат бўйича Товарищеский проспектдаги квартирага келган полициячилар хоналарни суратга олишган ва кетишган. Бир неча соат ўтиб квартира куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қамал қилинган. Квартирада яшаётганларнинг барчаси ташқарига чиқарилган, келганлардан бири ичкарига кириб квартирадан портловчи қурилма топилганини айтган.

Яна етти нафар айбланувчига 19 йилдан 22 йилгача қамоқ жазолари ҳукми ўқилган. Судланувчилар орасидаги ягона аёл — Шоҳиста Каримова — 20 йилга қамалган. Шунингдек, барча айбланувчиларга 500 минг рублдан 800 минг рублгача бўлган жарималар қўлланган.

Ҳукм ўқилгач судланганларнинг аксари бошини қуйи туширишган — бир неча сониядан кейин айбсиз эканликларини айтиб бақира бошлашган. Шоҳиста Каримова йиғлаган ва бошини панжарага ура бошлаган. «Наҳотки бу адолатли суд бўлса?» —  ғазабланган маҳбуслар. Улардан бири шундай бақирган: «Ҳақиқий террорчилар — бу ФСБ». 

Ўғли 20 йилга махсус тартибли колонияга қамалган Ёрқиной Мирзаалимова суд залидан югуриб чиқиб журналистларга, ФСБ ходимларини «қарғаши»ни — уларнинг болалари «даъвосиз дардга йўлиқиши»ни сўрашини айтган.

Товарищеский проспектдаги квартирада яшаганлардан 4 нафарининг манфаатларини ҳимоя қилган адвокат Марат Сагитов суддан кейин ҳукмдан шикоят қилишини, бу ишда унинг ҳимоясидагиларнинг айбини исботловчи бирор далил йўқлигини айтган. «Терговчилар далиллар топа олишмагач, буни айбланувчилар конспирация методи (яширин ташкилот аъзоларининг махфийлик ҳақидаги аҳди) қўллаш деб баҳолашди», — деди Сагитов «Медуза»га. У суд ҳукми адолатсиз бўлганини қайд этган.

Метродаги портлаш оқибатида жабрланганлардан бири, пенсионер Наталья Кириллова суддан кейин ҳукм кутганидан юмшоқ бўлганидан шикоят қилди — унинг баҳолашича, камида 3-4 айбланувчини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш керак эди. Кириллова айтишича, судланганларнинг барчаси - 11 киши ҳам айбдордир, улар расман ишламаган бўлса ҳам квартирани ижарага олиш учун маблағга эга бўлгани ҳам улар айбдор эканига далил бўлади. Унинг тахмин қилишича, квартирада яшаганлар теракт ташкилотчисидан пул олиб турган. Тергов талқинига кўра портлашнинг бош ташкилотчиси Қирғизистон фуқароси, Сурияда «Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод» гуруҳини тузган Сирожиддин Мухтаров ҳисобланади. Уни қўлга олишнинг имкони бўлмаган.

«Асл ташкилотчи Сурияда. Аммо айбланувчилар орасида 2-3 киши шунга ўхшаш вазифани бажарган. Фақат бир кишига умрбод қамоқ жазосини бериш кам», — дея ишонч билан гапирган Кириллова.

Мавзуга оид