Light | 18:00 / 11.12.2019
44246
5 дақиқада ўқилади

Ибн Баттута ҳақида қизиқарли 10та факт

Буюк жаҳонгашта Ибн Баттута дунёнинг катта қисмига ташриф буюришга улгурган. Кўпчилик бу исмни эшитган, аммо кўпчиликда ҳақида маълумот кўп эмас. Ибн Баттута у ҳақида ёрқин ҳикоялар сўзлаб беришга арзийдиган шахс бўлган.

XIV асрда яшаб саёҳатларга иштиёқи кучли бўлган бу шахс ўз даврининг энг машҳур кашшофларидан (бирор жойни биринчи бўлиб кашф этган) бири бўлган. Унинг қадами ўша вақтларда дунёнинг довруғи кетган деярли барча жойларига етган, ҳаттоки замонавий Сибиргача. Тасаввур қилиб кўринг, Марокашдан бўлган ва умрида бирор марта қор кўрмаган африкалик XIV асрда Сибир қишида кезиб юрибди. Унинг ҳаёти саргузаштларга бой бўлганини тушуниш учун шунинг ўзи етарли.

1. Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ат-Танжий Ибн Баттута, кўпроқ Ибн Баттута номи билан эсланади

У 1304 йилда Танжердаги (Марокаш) қози оиласида туғилган. У ўзининг энг катта орзуси — дунё бўйлаб саёҳатни амалга ошириш учун ота уйини 21 ёшида Ҳаж карвонига қўшилиб тарк этади. У орадан 24 йил ўтибгина ватанига қайтади, аммо шунда ҳам бунинг ягона сабаби мусулмон Испаниясига қайта саёҳатга отланиш нияти бўлган.

2. Ибн Баттута — барча даврларнинг энг таниқли саёҳатчиси

У жаҳон бўйлаб танилган. 30 йиллик сафари давомида Ислом оламининг катта қисмига, дастлаб Миср, Шом (Сурия), Ливан, Фаластин, Месопотамия, шунингдек, Марказий Осиё, Жануби-шарқий Осиё, Жанубий Осиё, Жанубий Европа, Шарқий Европа, Россия ва Хитойга ташриф буюрган. Агар ҳозирги йўсинда таҳлил қилсак, унинг рўйхатида 44та давлат пайдо бўлади.

3. Ибн Баттута қуруқлик ва денгиз орқали 75 000 мил (120 минг км) масофани босиб ўтган

Бу Марко Полонинг натижасидан анча кўп. Ўзининг барча саёҳатларида Ибн Баттута урушлар, исён ва босқинлар гувоҳи бўлган.

4. Ибн Баттута зиёлилар оиласидан эди ва ва ўзи ҳам олим бўлган

Унинг отаси Танжерда қози эди. Саргузаштсеварнинг ўзи ҳам Шерозда қозилик шаҳодатини олган ва икки бор қозиликка тайинланган: биринчи марта Ҳиндистонда 8 йилга, иккинчиси Марокашда, саёҳатлардан қайтиб ўтроқ яшаш тарзига ўтганидан сўнг. Ҳуқуқшуносликдан ташқари, илоҳиёт ва шеъриятга қизиққан.

5. «Туҳфат ан-нуззор фи ғаройиб ал-амсор ва ажойиб ал-афсар» («Турли шаҳар ва сафарлардаги ажойиботлар шоҳиди бўлганлар учун туҳфа») деб ном олган китобида унинг барча таассурот ва қайдлари жамланган

Ибн Баттута ўз юришлари давомида ҳеч қачон кундалик ва хатлар ёзмаган, аммо Марокаш султонининг қатъий илтимосидан сўнг ўз ҳикояларини айтиб беришга рози бўлган. У буни қадрдон дўсти Ибн Жузай сўзлаб беради ва шу орқали қўлёзма пайдо бўлади. Қўлёзма кейинчалик 1830 йилда топилган ва китоб шаклида нашр этилган.

6. Марокашга қайтган Ибн Баттута отаси 15 йил аввал вафот этганидан хабар топади

Унинг онаси ҳам қайтишидан бир неча ой илгари оламдан ўтган эди. Саёҳатчи уларни сўнгги марта 21 ёшида, илк сафари олдидан кўрган. Ибн Баттутанинг фарзандлари кўп бўлган. 

7. Ибн Баттута ёлғиз юрганда дуч келинадиган хавфдан сақланиш учун асосан карвон ва гуруҳлар билан саёҳат қилган

Карвонлар унга нафақат хотиржамликни, балки дўстона алоқани ҳам тақдим қилган. У Малидан қайтишда 600 қулни олиб келаётган карвон билан бирга келади.

8. Олис юртларга саёҳати давомида маданиятларнинг улкан тўқнашувини бошдан кечирган

Баъзи давлатларнинг унинг ватани одатлари ва анъаналаридан жиддий фарқ қилган. У Саҳрои Кабир ҳудудидаги аёлларнинг очиқ кийинишидан ҳайратга тушган. Унинг маданияти ва Ислом цивилизацияси учун ёт бўлган бу каби ҳолатлар бўлажак илоҳиётшуносда зиддият уйғотган.

9. У сафарининг илк йилларида Қоҳирада бир олим билан учрашиб қолади

Айнан у ёш йигитнинг жаҳонгашта бўлишини башорат қилиб, Ҳиндистон, Хитой ва Жануби-шарқий Осиёда яшаётган мусулмон биродарларга ўз саломини етказишини сўраган. Ибн Баттута ҳақиқатан ҳам қоҳиралик олим айтган одамлар билан учрашиб чиқади ва унинг илтимосини бажаради.

10. Унинг саёҳатлар ҳақида ёзилган китоби Ҳиндистон, Покистон ва бошқа мамлакатларда тарихий манба сифатида кенг қўлланади

Саёҳатлари довруғи шунчалар ёйилганидан, унинг исми адабий асарларда тез-тез қайд этиб ўтилган. Ибн Баттута йўлида учраган ҳар бир маданият ва цивилизацияни диққат билан ўрганган. Унинг юришлари XIV аср ҳақида таассурот уйғота олади. Тарихчилар унинг йўл кундалигидан Ислом дини Африка ва Осиёда қандай ёйилганини аниқлаш учун фойдаланишган. Китоб Европа ва Осиёнинг 80дан ортиқ тилларига таржима қилинган.