21:19 / 12.12.2019
0
44925

«Босқинчи тарафидан ёзилган тарих ҳақиқий бўлмайди» — Андрей Кубатин ва Феруза Жуманиёзова билан суҳбат (2-қисм)

Тарихчилар оиласи Андрей Кубатин ҳамда турмуш ўртоғи, Феруза Жуманиёзова таҳририят меҳмони бўлган, улар билан илм ва олим тийнати, тарихчи олимни қийнаган муаммолар, шунингдек, илмий фаолиятлари ҳақида суҳбат қилган эдик. Қуйида ўша суҳбатнинг давомини эътиборингизга тақдим этамиз.

«Ўткан кунлар»ни уч марта ўқиб чиқдим»

— Китобсевар одам, айниқса, сизга ўхшаш олим кишига қамоқда китобсиз қийин бўлмадими? Ёки маълум маънода шароит яратилдими?

— Бир нарсани айтишим керакки, тергов ҳибсхонасими ёки манзил колония бўладими – бу ерларда кутубхона бор. Ундан ўқиб фойдаланишга имконият яратиб қўйилган. Тўғри, у ерда илмий китобларни тополмайсиз, аммо бадиий асарлар бор. Масалан, ўша даврда «Ўткан кунлар»ни уч марта ўқиб чиқдим. Кейин 7-сонли жазони ижро этиш колониясига борганимизда кутубхонада ишладим, кўп вақтим шу ерда ўтарди.

Энг қийнаган нарса, биласизми, одам айб қилган бўлса ва шунга яраша жазо олаётган бўлса, ички қийналиш бўлмайди; лекин қилмаган ишга шунақа жазо олиш — бу одам учун оғир ботади.

«Ошкоралик ва ислоҳотлар бўлмаганда қамоқдан чиқишим даргумон эди»

— Ўша пайтда ишончингиз қай даражада эди, оқланишингизга ишонганмидингиз? Оқланишингизга нима кўпроқ таъсир этди деб ҳисоблайсиз?

— Яқинларим, оилам югурмаганда, талаб хати қилмаганда, жаҳон илм ҳамжамияти аралашмаганда ва авваламбор, давлатимиз томонидан юритилган сиёсат, ошкоралик, ислоҳотлар бўлмаганда эди, менимча, чиқишим қийин масала эди.

«Ўзимда курашчан аёл образини ёқишга қарор қилдим»

— Феруза опа, сизда бу давр қандай кечди? Турмуш ўртоғи ва ёш тадқиқотчи сифатида ўзингиздан ўтганларини айта оласизми?

— Оғир дамлар эди. Шанба куни ўзим ишга кузатиб юборганман ва бошқа қайтиб келмаган. Кейин узоқ вақт қидирганмиз, жуда қоронғи дамлар эди деб таъкидласам ҳам бўлади. Айниқса, фарзандимиз учун, у энди беш ёшда эди, тушунтириш ниҳоятда қийин бўлган.

Жамиятда ҳам бир нарса қилмаса, олиб кетмайди деган тушунча ва гап-сўзлар остида қолиб кетганмиз. Дастлабки уч ой мен ташқи дунёдан деярли узилиб яшаганман. Буни қабул қилолмаганман, мен узоқ вилоятдан келин бўлиб тушганим учун бу ерда ёлғиз суянчим эрим эди.

Андрей ака билан учрашиш ҳам йўқ, хат-хабар ҳам йўқ, нима бўлган-нима қўйган — бу ҳақда мен ҳеч нарса билмасдим. Фақат ҳар хил гап-сўзларни эшитардим, холос. Ноаниқлик энг ёмон нарса! Бу жуда қийнаган.

Кейинчалик ўзимда курашчан аёл образини ёқишга қарор қилдим. Бизни кўриштира бошлашгандан кейин эрим ҳам тезроқ илмий ишимни якунлашимни айтарди. 2018 йилда Тарих фанлари фалсафа доктори учун диссертациямни ҳимоя қилдим. Шундан кейин ҳам ўзим тўғри маънода чалғитиш учун инглиз тили, ҳайдовчилик курсларига қатнаганман.

«Ўзбек халқи тарихга қизиқадиган халқ»

— Озодликка чиққандан кейин илмга қайтиш қандай кечди?

— Мен манзил колонияга ўтказилганимдан кейин уйга бемалол ёзиб бериб юборишга имкон бўлган. Шу пайтда бир неча конференцияга тезис ва мақолаларим чиқди. Иқтибосларни эсда қолганича келтириб, қолганини китобларни ёзиб, қаердан қўйишни айтиб, аёлимга тайинлардим. Турмуш ўртоғимнинг илмий ишларини ҳам кўриб беришга вақт топардим.

Бундан ташқари, ўзбек халқи тарихга қизиқадиган халқ. Маҳкумлар орасида ҳам бундайлар топилади. Улар билан гаплашиб, баъзида гўё институтда маъруза ўқиётгандек бўлардим.

«Ҳар бир халқ тарихи билан фахрланиши керак»

— Талабаларга бу соҳани ўргатиш қандай кечмоқда, Ҳозирда қандай янги ғоялар устида ишлаяпсиз?

— Айни пайтда Тошкент давлат шарқшунослик институтида Хитой тарихи, сиёсати ва иқтисоди кафедрасида ўриндош катта ўқитувчиман. Дунёда битта халқ борки, хитой каби, ўзининг бир неча минг йиллик тарихини ёзиб қолдирган. Албатта, тарихан кўп вақт мобайнида қўшни бўлганимиз учун бизнинг хунн давридан бошлаб то 19 асргача бўлган тарихимиз Хитой манбаларида ўз аксини топган.

Ҳозирга кунда Хитой архивларида миллионга яқин ҳужжат сақланса, шундан 10 мингдан зиёди Марказий Осиёга тегишли. Бизда шу нарса ўрганилмайди. Мен талабаларни шу масалаларга эътибор қаратишга, қизиқтиришга ҳаракат қиламан.

Мен талабалардан талаб қиладиган яна бир нарса она тилига эътибор. Тилда миллатнинг тарихи ҳам, маданияти ҳам — ҳар бир соҳаси мужассам. Агар ўз тилини яхши билмаса, бошқа тилни ҳам яхши ўргана олмайди.

Талабаларни тарихга қизиқтириш учун айтаманки, бировлар тарафидан, яъни босқинчи тарафидан ёзилган тарих ҳақиқий тарих бўлмайди. Ҳақиқий тарихни ўша миллат вакили ёзсагина бўлади. Афсуски, шу вақтга қадар биз истилочилар томонидан ёзилган тарихни ўрганамиз. Ўзимизнинг миллий кадрлар чиққандан кейингина ҳаққоний тарих ёзиш имконияти бўлади.

«Тарихчи воқеликка баҳо бериши керак эмас»

— Сизнингча, тарихни турли ғоялардан холи қилиш, холис ёритиш мумкинми?

Бу нарса биринчи навбатда, тарихчининг ўзига, виждонига боғлиқ. Совет давридан қолган нарса борки, тарих бир марказдан туриб ёзилади. Ҳар бир университет, ҳар бир марказ ўз қарашини бериши керак. Ўзбекистонда ҳам ФА Тарих институти ўз қарашини берсин, Шарқшунослик ҳам ўз қарашини ёзсин ёки Миллий университет ҳам вариантини берсин. Улар ўртасида баҳс-мунозара бўлгандан кейин ҳақиқий тарих ёзилади.

Тарихчи воқеликка баҳо бериши керак эмас. У бор воқеликни очиб бериши керак. Бирор даврни ўрганаётганда унга баҳо берилиши нотўғри. Лекин ўша давр воқелигидан келиб чиқиб очиб берилиши тўғри бўлади.

Айни шу савол бўйича Феруза Жуманиёзованинг фикрларини ҳам сўрадик.

Тарих интеллектнинг кимёси томонидан ишлаб чиқарилган ўта хавфли маҳсулот деган гаплар ҳам юради. Чунки уни ўқиган одам бевосита ҳиссиётларга берилади. Баъзан шу ҳиссиётлар нотўғри нарсаларни ёзишга сабаб бўлади, ҳаққонийликдан чекинишга етаклаб қўйиши ҳам мумкин. Тарихчи биринчи ўринда, воқеалар ривожига холисона ёндашиши керак.

Ўтган 28 йиллик тарихимиз ҳақида, унда ёзилган нарсалар ҳақида гапирадиган бўлсак, афсуски баъзиларида евроцентризм ғоялари қолиб кетган ҳолатларни ҳам учратиш мумкин. Ёки тўғридан-тўғри рус тарихшунослигидан, ёки бошқа жойдан кўчирилган, таржима қилинган. Дарсликларнинг кўпчилиги шу ҳолатда. Булар албатта, янгидан ёзилиши керак.

«Ўзини ҳурмат қилган тарихчи камида 2та шарқ тилини, 2та ғарб тилини билиши шарт»

Андрей Кубатин бугунги кун тарихчиси қандай бўлиши керак деган фикрини ҳам айтиб ўтди.

Мен талабаларга доим таъкидлайдиган нарсалардан бири: ўзини ҳурмат қилган тарихчи камида 2та шарқ тилини, 2та ғарб тилини билиши шарт.

Илмдаги энг сўнгги янгиликлар инглиз тилидаги адабиётда акс этади. Ваҳоланки, бизда тилни баҳона қилиб, кўп тадқиқотчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам ишларига жалб этмайди.

Мен тарихчи олимларимизни ўз соҳасидаги энг яхши китобларни ўзбек тилига таржима қилишга чақираман. Нафақат тарихчилар, балки барча соҳа вакилларини ҳам. Бу нарсанинг иккита яхши тарафи бор: биринчидан, кенг омма ўқиши мумкин, айниқса, талабалар; иккинчидан, ўзбек тилининг ривожига, терминологияни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшилган бўларди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top