Шикоят аризасида дастлабки тергов давомида А.Кубатинга ДХХ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида у ўзи содир қилмаган жиноятига иқрор бўлгани, ўзи содир этмаган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани ва укасига нисбатан тергов жараёнида руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказган ДХХ ходимлари ҳаракатларига қонуний баҳо бериш сўралган эди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, мазкур мурожаат юзасидан 2021 йил 9 февраль куни ДХХ тергов бошқармаси томонидан ушбу терговда қатнашган ДХХ ходимлари ҳаракатлари қонунийлиги ўрганиб чиқилган ва жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. Шунингдек, иш Ҳарбий прокуратура томонидан ҳам назорат тартибида ўрганилиб, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарорни бекор қилиш учун асослар топилмаган.
«Мурожаат юзасидан 2021 йил 9 февраль куни ДХХ тергов бошқармаси томонидан ушбу тергов ҳаракатларида қатнашган ДХХ ходимлари ҳаракатлари қонунийлигини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш мақсадида терговга қадар текширув ўтказилган.
Иш материалларидан маълум бўлишича, А.Кубатин 2017 йилнинг 10 апрелидан 2017 йил 14 сентябрга қадар тергов ҳибсхонасида сақланган.
Ҳибсхонага жойлаштириш ва чиқиб кетаётган вақтида унинг баданида жисмоний жароҳатлар кузатилмаган, у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилмаган ва унинг соғлиғи, руҳий ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган.
Шунингдек, терговга қадар текширувда ушбу жиноят иши қонун доирасида ўтказилгани ҳамда фуқарога ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилмагани аниқланиб, натижасига кўра жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Марҳум А.Кубатинга нисбатан тўпланган терговга қадар текширув материаллари Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарорни бекор қилиш учун асослар топилмади», – дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, жорий йил 28 январ куни марҳумнинг опаси Андрей Кубатиннинг ўлимига шифокорлар айбдор экани ва уларнинг ҳаракатларига баҳо берилиши кераклиги ҳақида мурожаат қолдирган эди.
Ҳолат юзасидан Зангиота тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, комиссион суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасида бемор А.Кубатинга нисбатан ташхис тўғри қўйилгани кўрсатилган ва Зангиота туман прокуратураси томонидан 2021 йил 28 феврал куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.







