
Судда қатнашган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисга жавобгар сифатида чақирилган Тошкент шаҳар Молия бошқармаси ва даъвогар яшаш жойи бўйича чақирилган қўшимча жавобгар - Бектемир тумани Молия бошқармаси вакиллари келмаган.
Суд иши марҳум Андрей Кубатиннинг опаси, даъвогар Клара Сахарованинг розилиги билан жавобгар тарафлар иштирокисиз кўриб чиқилди.
Суд ишида музокарага ўтилди ва даъвогарнинг музокара нутқи тингланди.
Судья қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага кириб чиққанидан сўнг, иш бўйича ҳал қилув қарорини эълон қилди.
Унга кўра, Клара Сахарованинг даъво талаблари қаноатлантиришдан рад этилди. Шунингдек, судья процесс иштирокчиларига нима сабабдан бундай қарорга келгани ҳақида изоҳ бериб ўтди.
Даъвогарга суд қарори устидан белгиланган тартибда шу суд орқали апелляция шикояти киритиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 25 январ куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида марҳум Андрей Кубатиннинг опаси жавобгар Тошкент шаҳар Молия бошқармасидан етказилган маънавий зарар учун 3,5 миллиард сўм маблағ ундиришни сўраган эди.

Жавобгар - Тошкент шаҳар Молия бошқармаси вакили эса, ушбу сумма давлат бюджети ҳисобидан эмас, балки марҳумга маънавий зарар етишига сабаб бўлган органлар, уни тергов қилган ташкилотлар, прокуратура ва айблов ҳукмини чиқарган суд томонидан қопланиши кераклигини айтган.







