Ўзбекистон | 09:46 / 19.12.2019
15214
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида қатор ички ишлар ходимларига кескин интизомий чора қўлланилди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ходимлар билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Ҳотамов ҳузурида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизматига кўра, кун тартибида битта масала - ходимлар томонидан содир этилган қонунчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳамда хизмат интизоми бузилиши, шунингдек келгусида ходимлар томонидан салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Ўз хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган 8 нафар ходимга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилди. Шундан 2 нафар ходим ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди, 1 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 1 нафар ходим хатти-ҳаракатига интизомий жазо сифатида махсус унвонини бир поғонага пасайтирилиши бўйича таклиф киритилди, 4 нафар ходимга нисбатан тегишли интизомий чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, 21 нафар хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил ходимларни, уларнинг ота-оналари иштирокида вилоят ИИБдаги “Интизомий кенгаш”да муҳокама этилиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, вазир ўринбосари жорий йилнинг 11 ойи давомида республика ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиши ҳолатларини муҳокама этиб, келгусида бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди, дейилади маълумотда.

Бундан олдин, Самарқанд вилоятида 8 нафар ички ишлар ходими ишдан олиниб, 14 нафарига интизомий чора қўлланилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид