Ўзбекистон | 20:05 / 22.12.2019
6592
4 дақиқада ўқилади

Сайлов юзасидан судларга келиб тушган 7та аризадан 2таси қаноатлантирилди

Фото: KUN.UZ

Олий суд раиси Козимжон Комилов сайлов билан боғлиқ ишларнинг кўриб чиқилиши юзасидан маълумот берди.

«Сайлов билан боғлиқ маъмурий низолар ҳамда ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш маъмурий судлар судловига тааллуқлидир. Бугунги кунда республика бўйича 213та маъмурий судлар ташкил этилган бўлиб, 278та судьялик лавозимлари штати белгиланган (13та судьялик лавозими вакант).

Олий суд раисининг 2019 йил 13 декабрдаги 35-сонли фармойишига асосан сайлов ўтказилиши муносабати билан судларга келиб тушадиган мурожаатларни қисқа муддатларда ва қонуний кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Олий судда ҳамда барча судларда штаблар тузилиб, 2019 йил 16 декабрдан 2020 йил 3 январга қадар барча вилоятлар ва уларга тенглаштирилган маъмурий судлар, туман (шаҳар) маъмурий судларида узлуксиз навбатчилик ташкил этилди», – деди Козимжон Комилов.

Мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш учун қисқартирилган муддатлар белгиланган бўлиб, улар шикоят келиб тушганидан кейин 3 кун ичида, сайловга камида 6 кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

«Ҳозирги кунга қадар сайлов компанияси бошлангандан буён судларга туман (шаҳар), вилоят Халқ депутатлари кенгаши сайловини ўтказиш ва ташкил этиш билан боғлиқ 7та шикоят келиб тушди», деб маълум қилди Комилов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур шикоятларда қуйидаги талаблар билдирилган:

– сайловда номзодларни округ бўйича тақсимлаш ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ва номзодни рўйхатга олиш мажбуриятини юклаш ҳақида;
– сайлов округлари бўйича рўйхатга олинган номзодларнинг рўйхатини округлар бўйича нотўғри тақсимлангани сабабли ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида;
– сайлов округидан туман Кенгаши депутатлигига номзоди қўйилишида ифодаланган хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ҳамда унинг номзодини сайлов округидан чиқариш мажбуриятини юклаш ҳақида;
– депутатликка номзод томонидан берилган ЎзЛиДеП Шофиркон туман Кенгашининг 2019 йил 21 октябрдаги йиғилиш баённомаси ва қарорининг 8-бандини ғайриқонуний деб топиш ҳамда ўзининг номзодини кўрсатган ҳолда тузатиш киритиш мажбуриятини юклаш ҳақида;
– депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида;
– депутатликка номзодларга доир ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказишдан иборат ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ҳамда сайлов комиссияси зиммасига номзодни тиклаш мажбуриятини юклаш ҳақида;
– депутатликка номзодларни рўйхатга олмаганлиги, гувоҳнома бермаганлигидан иборат ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ҳамда сайлов комиссияси зиммасига номзодни тиклаш мажбуриятини юклаш ҳақида.

Яъни сайлов кампаниясининг биринчи босқичида судларга асосан депутатликка номзодлар мурожаат қилган.

Ушбу мурожаатлар бўйича маъмурий ишлар қўзғатилиб, барчаси қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилган. Кўриб чиқиш натижаси бўйича 2та иш юзасидан иш юритиш тугатилган (1таси аризачи талабидан воз кечганлиги сабабли, 1 таси иш маъмурий судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли). 3таси бўйича арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган бўлса, 2таси бўйича арз қилинган талаб қаноатлантирилган.

3та маъмурий иш апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилган. Бугунги кунда ушбу кўрилган ишлар бўйича Олий судга назорат шикоятлари келиб тушмаган.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид