14:31 / 30.12.2019
0
9180

Покистон маркази Ўзбекистондаги сайловлар бўйича ўз хулосасини эълон қилди

Фото: KUN.UZ

Сайловлар Ўзбекистонни демократик ўзгаришлар йўлида олға силжитди ва мамлакат улкан салоҳиятини амалга оширишнинг бошланиши бўлади.

Бу 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтган парламент сайловларини кузатишда иштирок этган Покистоннинг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази делегациясининг хулосаси.

«Ўзбекистонда 2019 йилги парламент сайловлари - халқаро кузатувчилар нигоҳида» таҳлилий ҳисоботида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни юқори баҳоланган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган чуқур ўзгаришлар эътироф этилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, хулосалар амалдаги ислоҳотлар, шу жумладан, давлат бошқаруви, демократик тамойиллар ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш натижалари ҳамда 20дан ортиқ сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиш асосида қабул қилинди.

Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Холид Таймур Акромнинг фикрича, бу мамлакат тарихидаги биринчи ҳақиқий демократик сайловлар бўлди. Улар юқори сифат ва тайёргарлик даражаси, оммавий ахборот воситаларининг эркин ҳамда фаол ишлаши билан ажралиб турди, шунингдек, бу Ўзбекистон учун катта қадам бўлди.

Ҳисоботда «Ўзбекистон раҳбарининг динамик жамият, яхши йўлга қўйилган ва самарали бошқарув ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига асосланган иқтисодий тизимни яратиш борасидаги ҳаракатларига» алоҳида урғу берилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top