Ўзбекистон | 20:21 / 03.01.2020
9978
7 дақиқада ўқилади

«ЎЗБЕКОЗИҚОВҚАТХОЛДИНГ»: Миллий озиқ - овқат саноати ривожланмоқда

Бугун истаган озиқ-овқат маҳсулотлари дўконига киринг, унинг пештахтасидан асосан маҳаллий ишлаб чиқаришга тегишли истеъмол товарлари ўрин олганига гувоҳ бўласиз. Бозорларимизни ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган ноз-неъматлар эгаллаган. Бу мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида  аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган  тизимли чора-тадбирлар самарасидир.

Юртимизда 11 минг 800 дан ортиқ мева-сабзавот, гўшт ва сутни қайта ишловчи, қандолат, алкоголсиз ичимликлар ва ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва бошқа турдаги озиқ-овқат саноатига ихтисослашган корхоналар фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 400 дан зиёди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси таркибига киради.

Компания таркибидаги мазкур корхоналар юртимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ишларига муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, 2019 йилда ушбу корхоналар томонидан 150 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот консервалари, 49 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари,  13 минг тонна гўшт ва гўшт  маҳсулотлари, 8 минг тоннадан зиёд колбаса маҳсулотлари, 400 минг тоннага яқин шакар, 5 минг 204 тонна ўсимлик ёғи, 26 минг тонна маргарин,  650 миллион литрдан зиёд алкоголсиз ичимликлар, 139 миллион литр минерал сув, 174  миллион литр пиво, 10 миллиард донадан зиёд тамаки ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” мамлакатимиз озиқ-овқат соҳасига инвестицияларни жалб қилиш борасида салмоқли натижаларга эришмоқда.  Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил ҳудудларга ташрифлари доирасида Давлат инвестиция дастурига қўшимча равишда озиқ-овқат саноати йўналишида компания томонидан тақдимоти қилинган умумий қиймати 17,6 триллион сўмлик жами қуввати 4,8 миллион тонна бўлган 1 минг 207 та янги лойиҳа  устида амалий ишлар олиб борилди. Натижада ўтган йилда жами қуввати 718,5 минг тонна бўлган 406 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. 

Шунингдек, 2019 йилда Давлат инвестиция дастурига киритилган 16 та ва қўшимча 139 та лойиҳа устида амалий ишлар олиб борилиб, жами 260  миллион доллар, жумладан 132 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди. 

           Аҳоли турмуши фаровонлиги, мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда жаҳон бозорида рақобат муҳити шиддатли авж олаётган шароитда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш орқали харидорини топиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада давлатимиз раҳбари, ҳукуматнинг тегишли қарор ва фармонлари, хусусан маҳаллийлаштириш дастурлари асосида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” таркибидаги корхоналар томонидан  жорий йилда  жами 400  миллиард сўмдан зиёд  импорт ўрнини босувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳам “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясининг ўз ўрни бор. Бугунги кунда Компания таркибидаги 82 та корхонада сифат менежмент тизимлари яратилган. Улардан 46 таси ISO 9001 - “Сифат менежмент тизими”, 36 таси ISO 22 000 – “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлик менежменти тизими, 4 таси 18 001 – “Соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш менежменти” халқаро стандартларига эгадир.

Компания томонидан тайёрланган “Идишга қадоқланган ичимлик сувининг хавфсизлиги тўғрисидаги” умумий техник регламент лойиҳаси  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 октябрдаги 861 сонли қарори билан тасдиқланди. Шунингдек, ўтган йилда “Мева ва сабзавотлардан олинган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Алкоголсиз ичимликлар хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Консерваланган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентлар лойиҳалари тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. “Шакар ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Қандолат маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги махсус техник регламентлар “Ўзстандарт” агентлигининг экспертлар комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланди. “Сут ва сут маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентга ўзгартиришлар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва ўзгартиришлар лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун “Ўзстандарт” агентлигига киритилди.

Соҳадаги яна бир муҳим натижа-бу "Ўзбекозиқовқатхолдинг”нинг  “Ўзстандарт” агентлиги билан ҳамкорликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевада жойлашган Европа Иқтисодиёт комиссиясига илк маротаба қуритилган қовуннинг халқаро бозор стандартига киритишга эришгани бўлди. Бу экспортчиларимизга қуритилган қовунни исталган мамлакатга экспорт қилиш имконини беради.

Мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлашда экспорт ҳажмини кенгайтириш муҳим омиллардан саналади. Эътиборлиси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири  айнан Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт салоҳиятини  оширишни ўз ичига олади. Компания томонидан тармоқ корхоналарнинг экспорт географиясини кенгайтириш устида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида  мева-сабзавот концентратлари ва консервалари, қуритилган мевалар,  қандолат, ёғ-мой, салқин ичимликлар каби 80 дан турдан ошиқ маҳсулотларни  дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатига экспортини ташкил этишга эришилди.  

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” томонидан миллий озиқ-овқат маҳсулотлари  саноатини ривожлантириш  соҳасида амалга оширилган шу каби ишлар келгусида ҳам давом этади. Хусусан, тармоқ корхоналарининг экспорт салоҳияти, инвестициявий жозибадорлигини ошириш, импорт ўрнини босувчи миллий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички бозорга истеъмол товарларини етказиб беришнинг самарадор усулларини йўлга қўйиш каби  долзарб масалалар Компаниянинг истиқболли режаларидан ўрин олган. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси Ахборот хизмати 

Мавзуга оид