11:46 / 04.01.2020
0
12236

Ўзбекистонда ишонч телефонлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш таклиф қилинди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда ишонч телефонлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш таклиф қилинмоқда. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ишонч телефонлари фуқаролар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларини бартараф этишларида қулай воситалардан бири. Шундай экан, улардан фойдаланишни янада қулайлаштириш мақсадга мувофиқ бўлиши айтилади. 

“Шу кунларда, биз мурожаат қилаётган ишонч телефонлари нега ишламаяпти, нега уларга ҳеч ким жавоб бермаяпти, нега бошқа манзилга тушяпмиз қабилидаги саволлар барчани ўйлантираётгани рост. 

Соғлиқни сақлаш, таълим, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимларида, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишонч телефонларига жавоб берувчи мутахассисларни кўпайтириш зарур. 

Барча ишонч телефон рақамларини ўзида мужассамлаштирган интернет сайти яратилганида, биз мурожаат йўлламоқчи бўлган муассасанинг ишончли рақамини топишимиз осон бўлар эди”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Бундан ташқари, ишонч телефонларига жавоб бермаганлик учун жавобгарликка сабаб бўладиган ҳолатларнинг рўйхатини тузиш халқ билан бўладиган мулоқотга янада масъулият билан ёндашишга сабаб бўлиши билдирилган. 

“Ҳеч кимга сир эмаски, кўплаб ташкилот ва муассасаларда, истеъмолчи ёки мижоз билан боғлиқ зиддиятли вазиятлар ишонч телефонларига мурожаат этишни тақозо этади. Шу мақсадда, онлайн режимда мурожаатчилар сонининг кўриниб туриши ёки мурожаатларни қабул қилишнинг онлайн йўлга қўйилиши фуқаролар ва мутасаддилар ўртасидаги мулоқотнинг шаффофлигини таъминлайди”, - дейилади петицияда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, давлат органлари ишонч телефонларининг тўлиқ рўйхатини ўзида акс эттирган сайт йўлга қўйилиши ва ишонч телефонлари билан боғлиқ муаммоларни ўрганган ҳолда мутасаддиларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top