08:50 / 05.01.2020
1
5895

Танқидга муносабат: Ақча қишлоғида ичимлик суви ва электр таъминотидаги муаммолар ҳал этилди

26 декабрь куни Kun.uz сайтида Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, Ақча қишлоғидаги ичимлик суви ҳамда электр таъминотидаги муаммолар ҳақида «Ақчаликларнинг симёғочи ва трансформатори учун ақча йўқми? Жалақудуқдаги 15 йиллик муаммо» сарлавҳаси билан танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинган эди.

Жалақудуқ туман ҳокимлиги, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» жамияти, туман «Сувоқова» корхонаси Ақча маҳалласидаги камчиликлар бартараф этилгани бўйича маълумотларни тақдим этди. 

«Ақча маҳалласининг тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида «Водий капитал қурилиш» МЧЖ томонидан бир дона сув қудуғи янги қурилиб, 5,1 км масофага ичимлик суви тармоғи тортилиб, ҳар бир кўчага сув жўмракларини ўрнатиш ишлари олиб борилди.

30 декабрь кунига аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Маҳалланинг ичимлик суви билан таъминланиши қишлоқ аҳли учун ҳақиқий янги йил совғаси бўлди», дейилади туман «Сувоқова» корхонаси томонидан берилган хабарда.

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»АЖ ҳам Ақча маҳалласида истеъмолчиларни сифатли ҳамда узликсиз электр энергияси билан таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилаётгани ҳақида маълумот тақдим этган.

«Kun.uz сайти  орқали «Ақчаликларнинг симёғочи ва трансформатори учун ақча йуқми? Жалақудуқдаги 15 йиллик муаммо»  сарлавҳали танқидий мақоласи юзасидан Жалақудуқ тумани «Ақча» маҳалла фуқаролар йиғинига Андижон ҲЭТК раҳбари, «Жалақудуқ ТЭТК» бошлиғи ҳамда туман ҳокими иштирокида ишчи гуруҳ шакллантирилиб, муаммо жойига бориб ўрганилди.

«Жалақудуқ ТЭТК» томонидан «Ақча» МФЙда яшовчи аҳолининг электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида бир дона КТП-63/10кВА қувватли трансформатор ўрнатилган эди. 26-30 декабрь кунлари «Ақча» МФЙ Андижон кўчасига 10 дона бетон таянчлар ўрнатилди, ҳамда керакли траус, изоляторлар билан таъминланиб, янги тармоққа уланди», дейилади маълумотда.

Ақча маҳалласида яшовчи мурожаатчи Зулунбой Маҳкамов сайт билан боғланиб, маҳалланинг барча кўчаларига ичимлик суви тортилгани ва электр таъминотидаги муаммолар ҳал бўлганини билдирди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top