Жаҳон | 08:40 / 05.01.2020
76790
12 дақиқада ўқилади

«Виждондан бошқа ҳамма нарсани сотиш мумкин» — Саакашвили Грузияни қандай ўзгартирган эди?

2003 йил ноябрь ойида Грузияда «рангли инқилоб» натижасида иқтидорга келган Саакашвилининг номи эсланганда унинг Грузияда амалга оширган ислоҳотлари ёдга тушади. Хўш, у қандай ишларни амалга оширган эди?

Саакашвили коррупцияга қарши

Грузия президенти бўлгач, Саакашвили мамлакатдаги жиноятчилик ва коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб боришини маълум қилди.

У энг аввал ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, санитар-эпидимология хизмати ва давлат статистика қўмитасини тугатди ва у ерда ишлаётган ходимларни оммавий тарзда ишдан бўшатди. Ўшанда биргина йўл ҳаракати хавфсизлигидан 13 минг нафар ходим ишдан бўшатилганди.

Орадан бир неча ой ўтиб йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати учун янги ходимлар ишга олинди. Уларни ишга қабул қилишда виждонан ишлаш талаби қўйилди ва яхши маош тайинланди. Сўнгги русумдаги «Wolkswagen Passat», «Opel» ва «Skoda» автомобиллари берилди.

Ходимларга маош тайинлашда «маоши кам бўлса у барибир коррупцияга аралашади, демак, бу омилни албатта инобатга олиш керак», деган ҳам айнан Саакашвилининг ўзи эди.

Бошқа давлат ташкилотлари ва тузилмаларида ҳам қисқа муддатда кескин ислоҳотлар ўтказилди. Масалан, Адлия вазирлигида ёши кекса ходимларнинг аксарияти ишдан бўшатилиб, уларнинг ўрнига ёш кадрлар ишга олинди.

Пора олиб қўлга тушган амалдорларни ТВ орқали кўрсатиш амалиёти бошланди.

2012 йилда яна бир коррупция урчиган соҳа — автомобиларни техник кўрикдан ўтказиш бекор қилинди.

ИИВни ислоҳ қилиш ва жиноятчиликка қарши кураш

Саакашвили 2004 йилда Ички ишлар вазирлигини қайта тузди. Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Давлат чегарасини қўриқлаш департаменти тугатилиб, уларнинг ваколати ИИВга берилди.

Бир нечта тузилманинг қисқартирилиши мансабдор шахслар камайишига, бюджет маблағлари тежалишига сабаб бўлди.

Ўшанда, Грузия ИИВ ходимларининг умумий сони 75 мингдан 26 минггача камайтирилганди.

ИИВ қошидаги иқтисодий жиноятларни тафтиш этиш департаменти ҳам тугатилди ва унинг ваколати Молия вазирлиги қошида очилган молия полициясига берилди.

Янги ташкил этилган ИИВ таркибида терговчи штати ҳам тугатилди. Унинг вазифасини участка нозири амалга оширадиган бўлди. Баҳсли масалаларни детективлар кўра бошлади.

ИИВ таркибидаги ходимларнинг коррупция ҳолатларини фош этиш учун вазирликнинг ўзида махсус инспекция ташкил этилди.

ИИВнинг марказлашувига йўл қўймаслик учун ҳудудий ва маҳаллий полиция идораларига мустақил равишда кадр танлаш ва молиявий сиёсатни амалга ошириш ваколати берилди.

Саакашвилигача Грузияда жиноий гуруҳлар, полиция, коррупциялашиб кетган ҳокимият амалдорлари ва сиёсатчилар ўзаро ҳамкорликда ишлар эди. Шу туфайли аҳоли аксарият ҳолларда ҳимояни полициядан эмас, жиноий тўдалардан излар эди.

ИИВ ислоҳ қилиниши натижасида бу мамлакатда 2010 йилга келиб полицияга ишонч 87 фоизгача кўтарилди.

ИИВнинг ислоҳ қилиниши тез фурсатда ўз мевасини бера бошлади ва қисқа муддатда мамлакатда мудҳиш жиноятлар сони камайди.

Ҳар қандай ҳуқуқбузарликни рўйхатга олиш мажбурий қилиб қўйилди. Полициянинг ҳар қандай хизматга чиқиши ҳуқуқбузарликни тафтиш қилишга чиқиш сифатида қараладиган бўлди.

Грузияда одам ва машина ўғирлаш йўқолди. Сабаби, ўшангача бу иш билан асосан жиноий тўдалар билан ҳамкорлик қилган орган ходимлари шуғулланган.

Полициячилар қўрқинчли ва зўравон эмас, балки одамларга турли муаммоларни ҳал қилишда ёрдам берадиган шахсларга айланди. Шундан сўнг фуқаролар, полиция жамиятда ҳукмронлик қиладиган куч эмас, балки унинг муҳим бир қисми эканини англади.

Грузиядаги миллий масалалар

Бу масалада Эдуард Шеварднадзе Саакашвилига оғир «мерос» қолдирган эди.

Саакашвилигача мамлакат шимолидаги Жанубий Осетия мухтор вилояти ва шимолий-ғарбидаги Абхазия мухтор республикаси 1990-йиллардаёқ ўзини мустақил деб эълон қилиб, аллақачон Грузия таркибидан бир томонлама ажралиб чиқиб бўлган эди.

Албатта, Саакашвили уларни Грузия таркибига куч билан бўлса ҳам қайтаришни хоҳлар эди. Аммо, президентликнинг илк йилларида унда бунинг имкони йўқ эди.

Саакашвили президент бўлиб сайланганидан кейин Грузия таркибидаги яна бир мухтор ҳудуд — Ажария вилояти (маркази Батуми) 2004 йил апрель ойида Грузиядан ажралиб чиқиш учун бош кўтарди.

Аммо, Саакашвили Ажариядаги исён кенг ёйилмасидан уни бостиришга улгурди. Ўшанда, Ажариянинг бош кўтаришига сабаб, унинг президенти Аслан Абашидзе Шеварднадзе билан жуда илиқ муносабатларга эга бўлган.

Шеварднадзенинг тахтдан қувилиши Абашидзега акс таъсир кўрсатади ва у марказий ҳукуматга қарши исён бошлайди. Исён бостирилгач у Москвага қочиб кетади.

Грузия-Россия уруши

Ҳокимиятга келган илк йилларидан бошлаб Грузияни бирлаштиришни режа қилган Саакашвили ниҳоят 2008 йил август ойида ўз мақсадига етишиш учун уриниб кўрди.

2008 йил 8 август тунида, Грузия ҳарбийлари Жанубий Осетия пойтахти Цхинвали шаҳрини артиллерия орқали ўққа тутади. Сўнг армия шаҳарга бостириб киради.

Кутилмаганда вазиятга Россия аралашади ва «Жанубий Осетиядаги ватандошларни ҳимоя қилиш» важи остида зудлик билан бу ҳудудга Россия ҳарбийлари киритилади. Бўлиб ўтган жангларда Грузия ҳарбийлари енгилади.

Саакашвили эса 14-16 август кунлари Россия, Жанубий Осетия, Абхазия президентлари имзолаган ва Грузия учун ўта шармандали бўлган сулҳга имзо чекишга мажбур бўлади.

Ўша йили, 26 августда Россия Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақиллигини тан олди.

Бунга жавобан, 2008 йил 2 сентябрда Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни узди ва Москвадан ўз элчисини чақириб олиб, Тбилисидаги Россия элчисини мажбурий тарзда мамлакатдан чиқариб юборди. Шу тариқа, Саакашвилининг Грузияни бирлаштириш ҳақидаги режалари чиппакка чиқди.

Грузия-Россия муносабатлари ўшандан бери, ҳануз совуқ ҳолда қолмоқда.

Сайёҳликнинг ривожланиши

Саакашвили мамлакатда сайёҳликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратди. Грузияга кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш мақсадида кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун виза талаби бекор қилинди.

Бугунги кунда Грузия МДҲ давлатлари орасида хорижлик сайёҳлар визасиз кириб келишлари учун энг яхши имконият тақдим этаётган давлат ҳисобланади. Бу мамлакатга 100дан ошиқ давлат фуқаролари визасиз кириб кела олади.

Шунингдек, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш учун хориждан кўплаб инвесторлар жалб қилинди. Бунинг натижасида Грузия қисқа вақтда сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган давлатлардан бирига айланди.

Маълумот ўрнида: Аҳолиси 4 миллионга ҳам етмайдиган Грузияга, 2018 йилда 8,7 миллиондан ошиқ сайёҳ келган.

Грузиянинг сайёҳлик соҳасида эришаётган муваффақиятларига айнан Саакашвили бошлаб берган ислоҳотлар сабаб бўлган деб бемалол айтиш мумкин.

Саакашвилининг иқтисодий ислоҳотлари

Саакашвили чуқур иқтисодий ислоҳотларни ҳам ўтказди. У солиқларни камайтириш, давлат секторидаги корхона ва ташкилотларни хусусийлаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга катта эътибор берди.

Унгача Грузияда 20 турдаги турли солиқлар бўлган. Саакашвили ундан бор йўғи еттитасини қолдириб, қолганини бекор қилди. Иқтисодий ривожланиш вазири этиб Кахи Бендукидзе тайинланди.

Бендукидзе Грузия иқтисодиётини ривожлантириш учун ўтказилган ислоҳотларда бош-қош бўлди. У, айниқса хусусийлаштириш жараёнини яхши олиб борди.

Масалан, Саакашвилигача Грузияда энергетика тақчиллиги бор эди. Мамлакат аҳолисига электр энергияси соатлаб берилар эди.

Саакашвилининг илк раҳбарлик йилларида мамлакатдаги энергия тизимидаги корхона ва ташкилотлар хусусийлаштирилиб хорижий компанияларга сотилди.

Хорижликлар томонидан инвестиция киритилиб, соҳада муҳим ислоҳотлар ўтказилгандан сўнг, орадан икки йил ўтиб Грузия мамлакат аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб, ортган энергияни қўшни давлатларга ҳам экспорт қила бошлади.

«Чиатурмарганец», Рустави металлургия комбинати, Мадлеуль тоғ-кон бойитиш комбинати, Поти денгиз порти ва яна бошқа кўплаб йирик корхоналар ўша пайтда хорижлик инвесторларга сотилди. Бунинг натижасида мамлакатга кириб келаётган хорижий инвестициялар оқими кескин кўпайди.

«Грузияда виждондан бошқа ҳамма нарсани сотиш мумкин», деган машҳур ибора ҳам айнан Бендукидзега тегишли.

Шунингдек, Саакашвили ислоҳотларни бошлаганда турли соҳалардаги ишдан бўшаган ходимларга товон пули тўлаш учун ривожланган давлатлардан катта миқдорда ёрдам пули олди.

Энг катта ёрдам пулини АҚШ берди.

Таълим ислоҳотлари

Саакашвили бошқа соҳалар қатори таълим тизимини ўзгартиришга ҳам катта эътибор берди.

Аввало мактабларда инглиз тилидан дарс соатлари кўпайтирилди ва мажбурий фан сифатида ўқитиладиган фанлар сирасига киритилди. Таълим тизимига хориждан кўплаб ўқитувчилар жалб этилди. Хорижий тиллардан дарс берадиган ва компьютер билан ишлашни биладиган ўқитувчилар маоши сезиларли даражада оширилди.

«Нега мактабларда инглиз тилини ўқитиш муҳим даражага чиқди», деган саволга Саакашвили шундай жавоб қайтарганди: «Ҳар бир грузиялик ўқувчи замонавий билимларни эгаллаши керак. Буни инглиз тилини яхши ўрганмасдан амалга ошириш қийин. Агар дунёга чиқмоқчи бўлсак инглиз тилини албатта билишимиз керак».

2010 йилда Саакашвили мактаб ўқувчиларига ноутбук тарқатиш ғоясини илгари суради ва ўша йили бир нечта мактабда бу иш амалга оширилади. 2011 йилда эса бутун Грузия бўйлаб, биринчи синфга борган ҳар бир ўқувчига давлат томонидан бепул ноутбуклар тарқатилди.

Ўқувчиларга тарқатилган ноутбукларда асосан ўқув дастурлари, турли хорижий тилларни ўрганиш, математика ва турли фанларни ўйинлар ёрдамида ўзлаштириш дастурлари ўрнатилган эди.

Грузияда бугун ҳам ўша дастур ишлаяпти ва биринчи синфга борадиган ўқувчиларга ноутбук тарқатиляпти.

Маълумот ўрнида: 2017 йилда, биринчи синфга борган ўқувчиларга 50,3 минг дона ноутбук бепул берилган. Грузияда ҳар 15-18 ўқувчига бир нафар ўқитувчи тўғри келади.

Хулоса

Умуман олганда, Саакашвили Грузия раҳбари бўлиб ишлаган йилларида мамлакатни собиқ иттифоқдан қолган эски тизим билан бошқариладиган қолоқлик ботқоғидан чиқара олди. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари Грузияда Саакашвили ўтказган ислоҳотларга ҳавас билан қарайди.

Албатта, Саакашвилида ҳам хатолар бўлган. Зеро, ҳеч бир инсон хатодан холи эмас.

Таҳлилчилар Саакашвилининг энг катта хатоси — вазиятни инобатга олмай Жанубий Осетияни бўйсундириш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлагани ва оқибатда Россия билан урушгани, деб билишади.

Саакашвилининг ютуғи шундаки, ҳатто бугунгача айрим постсовет республикалари эскича бошқарув тизимидан қутула олмай юрганида у Грузияни ундан қутқара олган эди. Балки шунинг учун у ўз кучига ошиқча баҳо бериб юборгандир.

Тарих мағлубиятларни унча-бунчада эсламайди, ғалабаларни эса ҳар кун эслайди.

Шу учун ҳам бугун аксарият одамлар Саакашвилини Россия билан бўлган нотенг урушда енгилганини эмас, балки Грузияни қандай қилиб ёруғ кунларга олиб чиққани ҳақида кўпроқ эслаяпти.

Ғайрат ЙЎЛДОШ тайёрлади.

Мавзуга оид