2003 йил ноябрда Грузияда “атиргул инқилоби” рўй бериб, СССРда катта нуфуз қозонган, юқори давраларда “кулранг тулки” лақаби билан танилган Эдуард Шеварднадзе истеъфога чиққан ва мухолифатчи Саакашвили раҳбариятга келганди. У халқни кескин ислоҳотларга заруратига ишонтира олди ва саноқли йиллар ичида Грузияни қолоқ давлатлар қаторидан олиб чиқа олди.

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳақида рус пропагандаси сабаб постсовет маконида кўпчилик салбий тасаввур эга, аслида-чи? Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал исми доим ислоҳот деган сўз билан ёнма-ён ишлатиладиган Саакашвилининг ҳаёт йўли билан таништиради.

Ғарб таълими маҳсули

Михаил Саакашвили 1967 йил пойтахт Тбилисида, зиёлилар оиласида туғилган. Отаси – Николоз Саакашвили асли арман миллатига мансуб шифокор. Онаси – Гиули Аласания эса профессор-тарихчи, турколог. Турли хил келишмовчиликлар ортидан ота-онаси ҳали у туғилмасиданоқ ажрашиб кетади. Боланинг тарбиясида ўгай отаси – профессор-психолог Зураб Кометани ва тоғаси, СССР КГБ собиқ полковниги Темур Аласания муҳим рол ўйнайди.

Михаил Саакашвили

Яқинлари ёшлигиданоқ Михаилнинг таълим олишига алоҳида эътибор беришади. Онаси ўғлининг чет тилларини ўрганиши учун алоҳида репетитор ҳам ёллайди. Шу сабабли Михаил грузин тилидан ташқари инглиз, француз, рус, украин ва испан тилларида гаплаша олади.

Саакашвилининг шахс сифатида шаклланишида Грузия фақат таваллуд маскани сифатидагина тилга олинади. Бўлажак президентнинг талабалик йиллари хорижда ўтган, дастлабки жиддий иш фаолияти ҳам Грузиядан ташқарида бошланган.

Михаил дастлаб Киевда халқаро ҳуқуқ бўйича таҳсил ола бошлайди. Кейинчалик АҚШ Давлат департаменти стипендияси соҳиби сифатида нуфузли Колумбия университетида магистрлик илмий даражасини, Жорж Вашингтон университетида эса докторлик ишини муаффақиятли ҳимоя қилади.