Спорт | 11:50 / 07.01.2020
5869
4 дақиқада ўқилади

Даниеле де Росси. Рим афсонасидан иқтибослар

Куни кеча янги асрдаги Италия футболидаги энг ёрқин футболчилардан бири, 2006 йилги жаҳон чемпиони, «Рома» афсонаси Даниэле де Росси футболчилик фаолиятини якунлади. Ўтган йил ёзида Рим билан хайрлашиб, болаликдаги орзуси «Бока»га йўл олган 36 ёшли футболчини энди майдонга кўрмайсиз.

Доимо, энг аввало ўз жамоасига ва касбига садоқати, майдонда борини бериши билан ном қозонган ҳақиқий профессионал де Россининг юриш туриши, кўриниши, гаплари жангчини ёдга солади, баъзида фикрлари баландпарвоздек туюлади. Лекин айнан мана шундай ғоялар Де Россининг шу даражада етишишига йўлдош бўлган, у ростан ҳам Римни севган. Айтган ҳар бир сўзларини у амалда ҳам исботлагани учун ярашаверади, ҳеч ким унинг садоқатидан шубҳалана олмайди. Қуйида де Росси томонидан турли даврларда янграган эътиборли иқтибосларни ҳавола қиламиз.

«Рома» ҳақида

«Фақат қизларимни «Рома»дан кўра кўпроқ яхши кўраман. Бу ҳақиқат. Мен ҳали ҳам жамоа билан биргаликда қандайдир муҳим соврин ютишни орзу қиламан. «Рома» кучли клуб, аммо янада кучлироқ жамоалар ҳам бор. Лекин бу ҳақиқат мени орзуларимдан воз кечдира олмайди. Ўз олдингга улкан мақсадлар қўймас экансан, мотивацияни йўқотасан. Бу эса машғулотларда ва ўйинларда бор имкониятингни ишга солишга халақит беради. Мухлислар олдида жуда ноқулай аҳволда қоласан. Улар доим мени қўллашган. Мен ҳам «Рома» янада муваффақиятли бўлиши учун қўлимдан нима келса, қилганман»

Садоқат ҳақида

«Мен доим ўзимнинг жамоага бўлган садоқатим ҳақида эшитаман, лекин аслини олганда, бу қайсидир маънода худбинлик ҳам. Тушунишингиз керакки, доим мен жамоага керак бўлганимдан кўра, мен учун «Рома» керакроқ бўлган. Яъни бу ҳолатдан мен кўпроқ ютганман. Бундан ташқари, бошқа ерда ўйнай олмаслигим, ўзим бўла олмаслигимдан ҳам чўчиганман. Бу ҳам оддий сабаб»

«Лацио» билан уруш

«Лацио» билан уруш? Келинг, урушлар ҳақида гаплашмайлик, шундоқ ҳам дунёда етарли. Рим дербиси яқинлашган ҳамоно шаҳар бир муддат тўхтаб қолади ва барча ҳаяжон сенга юкланиб бораверади. Лекин буларнинг ҳаммаси майдонда содир бўлади. Йўқ, тўғри, мен «Лацио»нинг бирор футболчиси билан ресторанга бориб, овқатланиб, турли мавзуларда гаплашиб ўтиришимни тасаввур қила олмайман. Лекин уларни ҳурмат қиламан. Улар менга душман эмас, шунчаки, рақиб». 

Тотти ҳақида

«Насиб қилса, набираларимга Тотти билан бирга ўйнаганим ҳақида мақтанаман. Бу катта шараф. Франческо каби клуб рамзига айланган бошқа футболчисини топиш қийин. Мени баъзида клуб афсонаси дейишади, лекин қўшилмайман, ана Тотти – афсона, мен эмас»

«Бока Хуниорс» ҳақида

«Қалбим «Рома» билан, лекин менга доим «Бока» ҳам ёқарди. Болалигимдан уларнинг ўйинларини томоша қилганман. Марадона, стадион, уларнинг мухлислари доим мени хайратлантириб келган. Доим Жанубий Америкада яшаб, «Бомбонера» зиналаридан «Бока» футболчиси сифатида тушиб келишни орзу қилганман»

Ўзи ҳақида

«Мен шунчаки, камтар Даниэлеман. Ўз ҳаётини «Рома»сиз тасаввур қила олмайдиган йигит»