Куни кеча янги асрдаги Италия футболидаги энг ёрқин футболчилардан бири, 2006 йилги жаҳон чемпиони, «Рома» афсонаси Даниэле де Росси футболчилик фаолиятини якунлади. Ўтган йил ёзида Рим билан хайрлашиб, болаликдаги орзуси «Бока»га йўл олган 36 ёшли футболчини энди майдонга кўрмайсиз.

Доимо, энг аввало ўз жамоасига ва касбига садоқати, майдонда борини бериши билан ном қозонган ҳақиқий профессионал де Россининг юриш туриши, кўриниши, гаплари жангчини ёдга солади, баъзида фикрлари баландпарвоздек туюлади. Лекин айнан мана шундай ғоялар Де Россининг шу даражада етишишига йўлдош бўлган, у ростан ҳам Римни севган. Айтган ҳар бир сўзларини у амалда ҳам исботлагани учун ярашаверади, ҳеч ким унинг садоқатидан шубҳалана олмайди. Қуйида де Росси томонидан турли даврларда янграган эътиборли иқтибосларни ҳавола қиламиз.

«Рома» ҳақида

«Фақат қизларимни «Рома»дан кўра кўпроқ яхши кўраман. Бу ҳақиқат. Мен ҳали ҳам жамоа билан биргаликда қандайдир муҳим соврин ютишни орзу қиламан. «Рома» кучли клуб, аммо янада кучлироқ жамоалар ҳам бор. Лекин бу ҳақиқат мени орзуларимдан воз кечдира олмайди. Ўз олдингга улкан мақсадлар қўймас экансан, мотивацияни йўқотасан. Бу эса машғулотларда ва ўйинларда бор имкониятингни ишга солишга халақит беради. Мухлислар олдида жуда ноқулай аҳволда қоласан. Улар доим мени қўллашган. Мен ҳам «Рома» янада муваффақиятли бўлиши учун қўлимдан нима келса, қилганман»

Садоқат ҳақида

«Мен доим ўзимнинг жамоага бўлган садоқатим ҳақида эшитаман, лекин аслини олганда, бу қайсидир маънода худбинлик ҳам. Тушунишингиз керакки, доим мен жамоага керак бўлганимдан кўра, мен учун «Рома» керакроқ бўлган. Яъни бу ҳолатдан мен кўпроқ ютганман. Бундан ташқари, бошқа ерда ўйнай олмаслигим, ўзим бўла олмаслигимдан ҳам чўчиганман. Бу ҳам оддий сабаб»

«Лацио» билан уруш