13:24 / 08.01.2020
0
20425

Сенат аъзолари сайлови бўйича депутатлар қўшма мажлислари қачон ўтказилиши маълум бўлди

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Жорий йилнинг 8 январь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Cенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларининг қўшма мажлисини чақириш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сайловига оид айрим ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлаш масалалари ўрин олди. 

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабарида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ:

Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади;

Қорақалпоғистон  Республикаси  Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисини чақириш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади;

Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашларга сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун қўшма мажлислар ўтказилишини эълон қилади.

Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларини 2020 йилнинг 16-17 январь кунлари ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ ҳудудларда қўшма мажлисларни ўтказиш муддатлари, жойи ва Марказий сайлов комиссиясидан иштирок этувчи масъуллар ҳақидаги режа-жадвал тасдиқланди.

Шунингдек, йиғилиш қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайловига доир “Сайлов бюллетени”, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари қўшма мажлисининг баённомаси, шунингдек Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари қўшма мажлиси Маслаҳат кенгаши йиғилишининг ҳамда Саноқ комиссияси баённомасининг намуналари тасдиқланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик палатасидир. Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тайинланади.

Сенат иши ялпи мажлисларга  ва унинг қўмиталари мажлисларига тўпланадиган сенаторлар фаолиятига асосланади. Сенатнинг ваколат муддати — беш йил. Ваколат муддати тугагач, Сенат янги чақириқ Сенати иш бошлагунга қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Сенат аъзоси бўлиши мумкин. Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Сенат аъзоси ва Қонунчилик палатаси депутати бўлиши мумкин эмас.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top