14:41 / 18.01.2020
0
9149

Ногиронлар жамияти ҳудудий бўлимлари маблағсиз қолмоқда - имконияти чекланганлар ўз муаммолари ҳақида

Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 январь куни Адлия вазирлиги томонидан «Биз биргамиз» ижтимоий лойиҳаси доирасида имконияти чекланган шахслар учун «Эътибор» хайрия акцияси ўтказилди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, акция доирасида вазирлик масъуллари имконияти чекланган шахслар билан бевосита мулоқот ташкил қилиб, уларнинг муаммолари ва ҳуқуқ билан боғлиқ саволларига жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Самарқанд вилояти бўлинмаси бошлиғи Дилмурод Пардаевнинг таъкидлашича, айни пайтда имконияти чекланган шахслар билан боғлиқ бир қанча муаммолар мавжуд.

«Олий Мажлис ҳузуридаги жамоатчилик фондининг вилоят ҳокимликлари қошида  бўлимлари ташкил қилинган. Лекин жорий йил учун Самарқанд вилояти жамоатчилик фондига маблағ ажратилмади. 

Ногиронлар жамиятининг кейинги фаолияти эса фондга бевосита боғлиқ. Чунки ташкилот фонд субсидияси асосида фаолият юритади. 

Иш ҳақи ва бошқа масалаларни ҳал қилиш учун айни пайтда Ногиронлар жамияти Самарқанд бўлимининг маблағи йўқ ва жиддий муаммо қаршисида турибди. 

Мендаги маълумот бўйича, бу фақат Самарқанд эмас, бошқа ҳудудлар Ногиронлар жамияти бўлимларига ҳам алоқадор», - дея ташкилот муаммоси ҳақида гапирди Дилмурод Пардаев. 

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Аваз Мадаминовнинг мазкур саволга  жавоб беришича, жамоат фондлари фаолияти ҳақиқатан ҳам айни пайтда такомиллаштиришга ва эътиборга муҳтож. 

«Мазкур масалани ҳал қилиш учун Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган жамоат фондлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган махсус лойиҳа яқин кунларда ҳукумат томонидан Парламентга киритилиши режалаштириляпти. 

Мазкур лойиҳада жамоат фондлари аъзоларини моддий таъминлаш ва дастурларини амалга оширишлари учун ажратиладиган пул маблағларининг манбаларини аниқ белгилаш ва амалга ошириш механизмини соддалаштириш назарда тутилган», - дея изоҳ берди вазирлик мутасаддиси. 

Бундан ташқари, тадбирда иштирок этган бошқа имконияти чекланган фуқаролар томонидан ҳам уларнинг иш  топиши, турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиши билан боғлиқ муаммоли вазиятлар ҳақида айтилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top