Ўзбекистон | 14:20 / 21.01.2020
95085
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги энг муаммоли соҳани маълум қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда 97 нафар сенатор ва 150 нафар депутатлар иштирок этяпти.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, маъруза қилмоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда муаммоли ҳисобланган энг оғир масалаларга тўхталиб ўтди:

«Бизда муаммолар кўп, бу муаммоларни сизлар ҳам билишингиз керак. Такрор-такрор айтаман: оёғимиз ердан узилмасдан, ҳали энди-энди биринчи қадамлар қўйяпмиз, лекин халқимизга бир нарсага ташаккур айтишимиз керакки, бизнинг биринчи қадамларимизга халқимиз ишона бошлаяпти. Халқимизга яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Бугунги кунда энг катта, оғир масалалар ёқилғи-энергетика соҳасида. Сизларга ростини айтмоқчиман: биз ёқилғи-энергетикада ҳали биринчи қадамларимизни ҳам амалга ошира олмаяпмиз. Тўғри, стратегия қабул қилдик, лекин уларни амалга ошириш бўйича, коррупцияни йўқ қилиш бўйича, ҳисоб-китобни жойига қўйиш бўйича ҳали ишларимиз мутлақо қониқарли эмас, десак адолатдан бўлади. Коррупция жуда кўп, порахўрлик жуда кўп, шунинг учун депутатлар ҳам, сенаторлар ҳам, ҳокимлар ҳам ёқилғи-энергетика соҳасига жуда катта эътибор бериши керак. Нега десангиз, ёқилғи-энергетикани жой-жойига қўймаганимизча саноатни, иқтисодиётни ривожлантириш жуда оғир бўлади. Минг афсус, йиллар давомида бу соҳалар коррупция билан ботқоққа тушиб кетган соҳалар, десак бу ҳам адолатдан бўлади. 

Биринчи, ёқилғи-энергетика, геология. Бундан 30-40 йил олдин Ўзбекистон геология бўйича жуда катта илмий салоҳиятга эга бўлганди. Минг афсуски, бу илмий салоҳият йўқ бўлди, десак бу ҳам адолатдан. 25 йил давомида биронта одам геология билан шуғулланмади. Бор илмий салоҳиятни йўқ қилдик. Бу соҳанинг кадри ҳам йўқ, илмий гуруҳлар, академиклар йўқ. Буни ҳам билишингизлар керак. Ура-ура қилиб, қонун қабул қилиш керак деб иш қилманглар. Қонун қабул қилганда ҳам виждондан ўтказинглар: хўш, бу қонунни ким бажаради?!

Шунинг учун, энергетикадан кейин энг катта оғир соҳамиз геология, транспорт, темир йўлларимиз ҳам, ҳаво йўлларимиз ҳам дунё ҳамжамиятига, умуман, ҳозирги ислоҳотларимизга мутлақо тўғри келмайди. Қайсидир соҳа бўйича салгина йўналиш қилган бўлсак, лекин транспорт соҳаси бўйича ҳали биринчи қадам ҳам қўйганимиз йўқ. Йўл қурилиши бўйича аҳволимиз жуда ҳам... умуман, қурилиш ва йўл қурилиши бўйича аҳволимиз яхши эмас, ичимлик суви таъминоти бўйича катта-катта қарорлар қабул қилишимиз керак, узоқ-узоқ қишлоқларда одамларнинг норозилиги ҳам мана шу масалаларга жуда кўндаланг десак, бу ҳам тўғри бўлади», - деди давлат раҳбари. 

Мавзуга оид