Ўзбекистон | 00:49 / 23.01.2020
34490
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Ҳеч қачон фермерни камситмаймиз»

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг илк қўшма мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоли масалаларга тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Пахта билан ғалланинг давлат харидидан умуман воз кечамиз. «Госплан» бўлмайди. Ҳали одамларимиз бунга тайёр эмас, лекин босқичма-босқич шу йўлга ўтмасак, давлатда ушлаб турсак, ҳеч қачон ҳеч кимда манфаат бўлмайди.

Пахта, мева-сабзавот, ғаллачилик, балиқчилик соҳаларида дунёқарашимизга кластер деган сўз кириб келяпти. Бу ҳам ҳозир биринчи қадамларимиз. Жойларда назорат бўлмагани учун, кластерларнинг 20 фоизи ҳам коррупцияга ўтиб кетяпти. Нимага десангиз, улар ҳали банк билан ҳисоб-китоб қилишга ишонмаяпти. «Ўғри бўлсам, битта раҳбарга бориб, 20 фоиз берсам, кечаси тинч ухлайман. Банк билан ишласам, тинч ухламайман», дейди. Мана бизнинг дунёқарашимиз. Бу билан узоққа бора олмаймиз.

Бу ишларимизнинг бош мақсади – фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини янада ошириш, қишлоқларда замонавий ишлаб-чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш ҳисобланади. Мана, ҳурматли фермерлар ҳам эшитяпти. Биз ҳеч қачон Ўзбекистонда фермерни камситмаймиз.

Нима дегани кластер? Кластер шундай тизим бўлиши керакки, у фермерни бой қилиши керак. Ернинг эгаси манфаатдор бўлса, ер унумдор бўлади. Ҳозиргача, минг афсус, еримиз унумдор эмас.

Бошоқли доннинг ўртача ҳосилдорлигини агар 75 центнерга етказмасак, унумдор ерларга дон экишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Ундан кўра ташқаридан сотиб олсак, харажати камроқ бўлади.

Биздаги сув билан икки карра кўп ғалла, уч карра кўп пахта қилиш мумкин. Агар юқори технологиялар олиб келсак.

Умумий экин майдони таркибида озуқа экин майдонларини 12 фоизгача кенгайтириш керак. Аҳолимиз сони ўсяпти, лекин эркин майдонларимиз камайиб кетган.

Мева-сабзавотчилик ва чорвачилик асосий локомотивлар бўлиши керак. Минг афсус, бизда мева-савзавотчиликда ҳам, чорвачиликда ҳам тизим йўқ, тартиб йўқ. Гўштни ҳам жон бошига ҳали етказиб бера олмаяпмиз. Қўшни давлатлардан олиб келяпмиз.

Мева-сабзавотчиликда экспорт ҳажмини 2025 йилда камида 5 миллиард доллардан ошириш, бунинг учун кооперация ва кластер тизимини жадал жорий этиш; сақлаш, ташиш ва қайта ишлашнинг яхлит ва замонавий инфратузилмасини ташкил этиш ва янада кенгайтиришимиз лозим.

Чорвачиликни ривожлантириш учун замонавий чорва комплекслари ва оилавий кооперацияларни илм-фан ва юқори технологияларга асосланган ҳолда чорва наслини 60 фоизга яхшилаш учун барча чораларни кўриш вақти келди.

Глобал шароитда, айниқса мамлакатимизда ва минтақамизда йилдан йилга камайиб бораётган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўришимиз талаб этилади. Кейинги 5 йилда ерларнинг камида 30 фоизига томчилатиб-ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий этишимиз зарур.

Шунингдек, сув ҳисобини юритиш тизимини жорий қилиш ҳамда сув балансини мунтазам равишда олиб боришимиз керак. Давлат-хусусий шерикчилигини кенг жорий этиш ҳисобига сув иншоотлари эксплуатацияси ва инвестиция харажатларини камида 15 фоизга қисқартириш чораларини кўриш лозим.

Замонавий технологиялар ҳисобига рақобатбардош қишлоқ хўжалиги техникаларини етарли даражада ишлаб чиқариш орқали фермер ва кластерларни техника билан таъминлаш кўрсаткичини камида 70 фоизга етказиш керак. Ҳозир бизда бор-йўғи 45 фоизига етказяпмиз. Бунда импорт қилинаётган маҳсулотларни ўзимизда ўзлаштириш ва ташқи бозорларга чиқишни алоҳида назоратга олиш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид