19:50 / 24.01.2020
1
78957

Видео: Тошкентда зилзила оқибатида институт хонасидаги шифт кўчиб тушди

Ижтимоий тармоқларда 24 январь, жума куни Тошкент архитектура-қурилиш институтида хона шифти кўчиб тушганига доир видеохабарлар тарқалди.

Бу ҳолат зилзила вақтида рўй берган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати изоҳ берди.

«Видеода акс этган ўқув хонасида 2019 йилнинг октябрь ойидан бери дарс машғулотлари олиб борилмайди. Мазкур бино Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4565-сонли қарорига асосан капитал таъмирлаш манзилли дастурига киритилган. Ушбу бинодаги ўқув жараёнларини Юнусобод туманидаги Машинасозлик касб-ҳунар коллежи биносида давом эттириш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Пахтакор кўчаси 3-уйда жойлашган ушбу бино 1950 йил қурилган. Капитал таъмирга муҳтож мазкур бинонинг 3-қаватидаги 310–аудитория шифти осилиб қолгани сабабли 2019 йилнинг октябрь ойидаёқ ёпиб қўйилган. 2020 йил 24 январь куни кундузи эса ер силкиниши оқибатида хона шифтининг 5 кв.метри кўчиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилди, воқеа жойига борилиб, вазиятни ўрганган ҳолда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

24 январь куни соат 12:10 атрофида Тошкент шаҳрида Тожикистонда рўй берган ерости силкинишлари сезилди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ахборотига кўра, зилзила Тошкентдан 317 км жануби-шарқий йўналишда Тожикистон ҳудудида содир бўлган. Эпимарказда унинг кучи 5,5 магнитудага тенг бўлган. Тошкент шаҳрида зилзила кучи 2—3 баллга тенг бўлган бўлса, Фарғона шаҳрида 4 баллни ташкил этди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top