Ўзбекистон | 17:21 / 25.01.2020
5132
2 дақиқада ўқилади

Президент партияларни сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришга чақирди

Президент Шавкат Мирзиёев жума куни парламентга қилган мурожаатида депутатларга юзланиб, улардан аҳоли муаммоларини ҳал қилишга даъват этди.

«Барча даражадаги раҳбарлар эришилган дастлабки ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка асло берилмаслиги керак.

Янги парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўпмиллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.

Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман: сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур.

Акс ҳолда, сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдида депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқейи тушиб кетади. Чунки бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Халқимиз ҳаммадан зийрак ва улуғдир», – деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушяпти.

«Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилади», – деди Мирзиёев.

Мавзуга оид

Эълонлар