Ўзбекистон | 17:41 / 28.01.2020
4407
3 дақиқада ўқилади

Маҳкумларга пенсия тўлаш учун бир йилда 2,5 млрд сўм сарфланади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида озодликдан маҳрум этилган фуқароларга пенсия олиш ҳуқуқи тақдим этилгани юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. Масъуллар озодликдан маҳрум этилган фуқароларга пенсия тайинлаш бўйича ҳуқуқий меъёрлар ўзгартирилгани хусусида маълумот беришди.

Тадбирда иштирок этган Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлими бошлиғи Шуҳрат Ўтаганов маҳкумларга пенсия тайинлаш бюджетда тақчиллик келтириб чиқариши эҳтимоли бўйича саволга жавоб берди.

«Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан бу йилда қарийб 8 трлн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга пенсия тайинлаш ва тўлаш пенсия жамғармаси харажатларига сезиларли таъсир қилмайди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу миқдор 2,5 млрд сўмни ташкил қилади.

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар етарли иш стажига эгами, деган мазмунда улар ўртасида сўровнома ўтказдик. Уларнинг кўпчилигида талаб қилинадиган иш стажи мавжуд эмас. Шу сабабли озодликдан маҳрум этилган фуқароларга пенсия тўлаш бюджет тақчиллигини келтириб чиқармайди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, озодликдан маҳрум этилган фуқаро пенсия тайинланиши бўйича вақтида мурожаат қилмаса, ўтиб кетган муддатга пенсия тўланмайди.

«Маҳкум пенсия ёшига етган бўлса-ю, аммо бу ҳақида манзил-колония маъмуриятига 2 ой муддат ичида ариза ёзмаган бўлса, ўтиб кетган муддат учун пенсия тайинланмайди. Агар фуқаро бу муддат ичида ариза топширса, пенсия ёшига тўлган санадан бошлаб пенсия тўлаб берилади. Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар эса давлат пенсияси билан таъминланмайди. Уларнинг ижтимоий ҳимояси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тартибга солинади.

Жазо муддатини ўтаётган, иш стажига эга бўлмаган фуқароларга пенсия тўланмаслиги юзасидан Ички ишлар вазирлиги билан муҳокамалар ўтказганмиз, алоҳида қарор лойиҳасини тайёрлаганмиз. Унда ижтимоий ҳимоя нафақасига ҳам пенсия олиш ҳуқуқини тақдим этиш масаласи таклиф этилди. Шунингдек, лойиҳада атиги 1 йиллик иш стажига эга бўлган, пенсия ёшига етган маҳкумларга ҳам пенсия тайинланиши, нафақа олиш ҳуқуқи бекор қилинган бўлса, уни тиклаб бериш тартиби ҳам белгиланган», дейди Шуҳрат Ўтаганов.

Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори биринчи ўринбосари Медет Тлеуовнинг қўшима қилишича, манзил-колонияларда пенсия ёшига етган фуқароларга пенсия тайинланиши бўйича тартиб ишлаб чиқилгани, бу ҳуқуқдан қай тартибда фойдаланиши мумкинлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Унинг таъкидлашича, ҳеч қайси фуқаро бехабар қолиб кетмайди.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид