6-синф ўқувчисидан мурожаат: «Мактабимизнинг аҳволи...»
Қибрай туманидаги 11-мактабнинг 6-синф ўқувчисидан мактабидаги аҳвол тасвирланган мактуб олдик. Маълум бўлишича, мактаб охирги марта 13 йил олдин таъмирланган...
Таҳририятимизга 6-синф ўқувчисидан мурожаат келиб тушди. Бизга мактуб йўллаган кичкина жанобнинг ёзишича, у ўқийдиган мактаб таъмирланмаган, замон талабига жавоб бермас экан.
Бу мурожаатга бефарқ бўла олмадик. Навқирон авлод ҳам камчиликларни яшириш эмас, ошкор этиш ва ўз ўрнида ҳал қилиш кераклигини англаётганидан мамнун бўлдик. Модомики бу авлоднинг дунёқараши, атроф-дунёга бўлган назари ижобий шаклланаётган экан, қарсакбозлик, маддоҳлик, лўттивозликларга ёмон кўз билан қараш шаклланаётган экан, эртанги кунимизга кўпроқ умид қарашга асосларимиз бор.
Мурожаат ортидан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 11-сонли мактабда бўлиб, мактаб директори билан суҳбатлашдик.
– Муаммоларни яширмасдан, аксинча, очиқлашга қандай қарайсиз?
– Ўзим шунинг тарафдориман. Муаммолар ҳақида гапирилса, натижада улар бартараф этилса, яхши бўлади фақат.
– Ёш авлод тобора зийрак, камчиликларга муросасиз, дунёқараши маддоҳликдан холи бўлиб боряпти. Бу сизни хурсанд қиладими?
– Албатта хурсанд қилади. Бу – уларнинг дунёқараши ўсаётганидан далолат. Биз бугун демократик давлат қурмоқдамиз, ёшларимиз ҳам чеккада қолишмаяпти – камчиликларни очиқ-ойдин айтишга уринишмоқда.
– Сиз бошқараётган мактабда атрофга бефарқ бўлмаган болалар етишиб чиқаётган экан, бундан мамнунмисиз?
– Албатта.
– Энди у бола «мактабимизни шарманда қилибсан», деб изза қилинмайдими?
– Аслида биз катталар камчиликлар ҳақида гапиришимиз керак эди.
Маълум бўлишича, 1996 йилда қурилган мактаб охирги марта 2007 йилда таъмирланган. Муассаса 422 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир унда 200га яқин ўқувчи ўқияпти. Директорнинг айтишича, мактаб 2019 йилда жорий таъмирланиши керак бўлган, аммо ўқувчилар сони камлиги сабабли мутасаддилар таъмирлашни чўзиб келишмоқда.
Ҳали айтганимиздек, кўплаб мурожатлар ичида айнан бу мурожаатни ўрганишимизга сабаб – унинг айричалиги: 6-синф ўқувчиси томонидан келиб тушгани бўлди. Давлатимиз айнан камчиликларни яшириш, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» оқибатида муаммолар гирдобида қолиб кетди. Бунга ўрганиб қолган бир эмас – икки авлод ҳам етишиб чиқишга улгурди деярли. Шунинг учун ҳам қарашларимизни ўзгартиришимиз қийин бўляпти.
Камчиликларни яшириш, муаммоларни чеккага сиздирмасликка, ёпиқ қозонни ёпиғлиқ ҳолида қолдиришга уриниш, ҳосил бўлган бўшлиқни эса маддоҳлик билан тўлдириш кўплаб вазиятларда давом этяпти. Чунки бунга ўрганиб қолдик. Шу даражага етдикки, қўштирноқ ичидаги «шахсий тинчлигимиз» учун бўғзимизгача муаммоларга ботиб яшашни афзал биладиган бўлиб қолдик.
Камчиликларни яшириш билан биз ўз фарзандларимизнинг келажагини ўз қўлимиз билан кўримсиз ҳолга келтираётганимизни, чексиз муаммоларимизни уларга мерос қилиб қолдираётганимизни сезмаймиз, англамаймиз ҳатто.
Эндиги умидимиз янги – ўсиб келаётган авлоддан. Айнан шу авлодни чор-атрофга бефарқ бўлмаган, ёлғон ва иккиюзламачиликларга муросасиз, маддоҳликка нисбатан нафратли, «ватанпарварлик» деганда мақтанчоқликни эмас, балки юртни камчиликлардан тозалаш деб тушунадиган, йўлларда ётган озорларни айланиб ўтмасдан, балки уларни кетказадиган авлод бўлиб етишишини таъминлашимиз лозим.
Бу вазифанинг катта қисми эса – педагогларнинг эгнида. Айнан педагоглар ёш авлодда атрофга, ҳаётга тўғри муносабатни шакллантиришда катта ўрин тутадилар. Улар ёлғонларга, бефарқликка, кўзбўямачиликларга, беҳимматликларга, кўпчиликнинг ҳақига хиёнаткорликларга нисбатан муросасизликни сингдиришлари лозим. Навқирон қалбларнинг пок туйғулари заволга учрашига тўсиқ бўлишлари лозим. Шундагина ёрқин келажакка йўл очилиши мумкин.
Дарвоқе, йўл ҳақида. Мактабга олиб борадиган йўлларга кўзимиз тушди. Шундай йўлларни кечиб болалар мактабга боришар экан. Уларнинг онгида «нега бу йўллар йилдан йилга тузатилмайди?», деган ўринли савол туғилаётган бўлиши турган гап. Зеро уларнинг онги тоза. Ҳозирча.
Муҳаммад Шакур,
Раҳматилло Исроилов.
Мавзуга оид
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
13:37 / 01.10.2024
Тошкент вилоятида “Жигули” ёниб кетди
11:30 / 01.10.2024
Аграр университет ҳудудидаги ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди
17:40 / 23.09.2024