19:11 / 02.02.2020
5
49691

Майкл Помпео Тошкентга келди

Европа ва Марказий Осиё бўйлаб турнесини давом эттираётган АҚШ Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистонга келди. У Тошкентга ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашади.

Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майкл Помпео 2 февраль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 3 февраль кунига мўлжалланган.

Аввал хабар қилинганидек, АҚШ Давлат департаменти делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.

Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиш кўзда тутилган. Мулоқот чоғида Вашингтон шаҳрида 2018 йил май ойида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – АҚШ саммити доирасида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинади, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё – АҚШ» («C5+1») шаклидаги вазирлар учрашувида иштирок этади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top