09:20 / 03.02.2020
0
7031

Айрим тижорат ташкилотлари энди ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим 

“Аудиторлик фаолияти тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунларга тузатишлар киритилди.

Фото: Shutterstock

2018 йилнинг сентябрь ойида президент аудиторлик фаолиятини янада ривожлантиришга доир қарорни имзолаган эди. Ушбу ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилади (2019 ва 2020 йиллардан), сабаби бунинг учун жумладан қонунларга тузатишлар тайёрлаш ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш лозим эди.
 
Norma’нинг ёзишича, унинг бандларидан бири билан 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳисобот йили якуни бўйича қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари ҳам ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим:

активларнинг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 баробар миқдоридан ортиқ бўлса;

маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушум БҲМнинг 200 минг баробар миқдоридан ортиқ бўлса;

ходимларнинг ўртача йиллик сони 100 кишидан ортиқ бўлса.
 
Бироқ қонун ҳужжатларига киритилган тузатишлар президент қарорининг юқорида кўрсатилган нормаларидан қатор жиҳатлари билан фарқ қилади:

биринчидан, фақат битта мезон - активларнинг баланс қиймати белгиланган. Ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш учун у БҲМнинг 100 минг баробар миқдоридан, яъни 22 300,0 млн сўмдан ортиқ бўлиши керак. Тушум ва ходимларнинг ўртача йиллик сони бу ҳолатда инобатга олинмайди.

иккинчидан, тузатишлар қарордан келиб чиққанидек тижорат ташкилотларининг   барчасига ҳам эмас, балки фақат масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларга тааллуқли. Акциядорлик жамиятлари, кредит ва суғурта ташкилотлари, инвестиция фондлари, биржалар, давлатга тегишли улушга эга субъектлар ва ДУКларни ҳам эсдан чиқармаслик керак (“Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси);

учинчидан, ўзгартиришлар 1 январдан эмас, балки 2020 йилнинг 24 мартидан амалга киритилади (тузатишлар эълон қилингандан эътиборан уч ой ўтгач).
 
Акциядорлик жамиятларига доир янгиликлар ҳам мавжуд. Энди мустақил ташқи аудиторлик ташкилотлари АЖ соф активлари қийматининг 10 фоизи ва ундан кўпини ташкил этадиган уларнинг йирик битимлари ва аффилланган шахс билан битимлари шартларини ўрганадилар.  Бунда баҳолаш ташкилоти томонидан аниқланган мол-мулкнинг бозор қиймати инобатга олинади. Аудитсиз бундай битимларни тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин эмас. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли қўшимчалар 23 январдан кучга кирди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top