Ўзбекистон | 09:25 / 04.02.2020
52243
4 дақиқада ўқилади

Боланинг қўшимча озуқаси қандай бўлиши керак?

Кичик ёшдаги чақалоқларга маълум муддатдан кейин шифокор тавсияси билан она сутидан ташқари қўшимча озуқа бера бошланади. Бўтқа, шарбат, пюре кўринишида бўладиган бундай озуқаларга тиббий нуқтайи назардан бир қатор талаблар қўйилган.

Қўшимча озуқа танлашда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Маҳсулот қайси ёш учун мўлжаллангани қадоқда аниқ кўрсатилиши керак. Боланинг ёшидан фарқланувчи ёш белгиси қўйилган маҳсулотни харид қилиш тавсия этилмайди. Агар кичикроқ ёш учун мўлжалланган озуқани олсангиз, унда жамланган витаминлар фарзандингиз учун етарли бўлмаслиги, юқори ёш тоифасиники эса ошқозоннинг ҳазм қилиш қобилиятига мос келмаслиги мумкин. Ёш белгиси қўйилмаган озуқа маҳсулотларини фақатгина 3 ёшдан кейин бериш мумкин.

Қўшимча озуқа учун мўлжалланган маҳсулотнинг сақлаш муддати қанчалик кам бўлса, шунча яхши. Маҳсулотнинг сақлаш муддати қанчалик узоқ бўлса, демак, унга шунчалик кўп сунъий қўшимчалар – стабилизатор ва консервантлар солинган. Бундай қўшимчалар эса, табиийки, бола учун хавфли.

Қадоққа «термик ишлов берилган» деган ёзув туширилган бўлиши мумкин. Бу озуқа жуда юқори ҳароратда тайёрлангани ёки бир неча иситиш жараёнларини кечирганини англатади. Термик ишлов озуқанинг фойдалилик хусусиятларини камайтиради. Бундай маҳсулотни фақатгина узоқ йўлга отланганда, маҳсулотни кўпроқ муддат сақлашга тўғри келганда харид қилган маъқул.

Импорт маҳсулотини харид қилиш чоғида унинг оригинал ёрлиғидаги ва маҳаллий тилга таржима қилинган ёрлиғидаги маълумотларнинг мослигини, албатта, солиштиринг. Нотўғри таржима берилган бўлиши, оригинал ёзувда сақлаш муддати 4 ой, таржимада эса 6 ой деб кўрсатилган бўлиши мумкин.

Фото: Зафар Ҳошимов

Қадоқда ҳеч қандай шикастланиш аломатлари бўлмаслиги керак. Бу қадоқнинг герметик экани ва қадоқ ичидаги маҳсулотнинг тўла хавфсиз ҳолатдалигини шубҳа остига қўяди.

Сут маҳсулотлари, пюре ва шарбатларнинг шиша идишда қадоқланганини олган маъқул. Улар энг экологик маҳсулот саналади.

Қадоқни очганда шарақлаган товуш чиқиши керак. Бу маҳсулотнинг ичига ҳаво кириб бузилмаганини англатади.

Болалар учун қўшимча озуқа маҳсулотларига нисбатан қонуний талаблар ҳам қўйилган. 2020 йил 24 апрелдан бошлаб кучга кирувчи «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган нормаларга кўра, қўшимча озуқа қуйидаги талабларга жавоб бериши керак.

Маҳсулот ёрлиғида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

  • ишлаб чиқарувчининг, ўровчи-жойловчининг, экспорт қилувчининг, импорт қилувчининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва мамлакат номи;
  • маҳсулотнинг номи;
  • маҳсулот номида унинг гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар овқатланиши учун мўлжалланганлиги, асосий таркибий қисмга мувофиқлигининг ифодаси ҳамда қуюқ-суюқлик даражаси тўғрисидаги ахборот;
  • соф оғирлиги ёки ҳажми тўғрисидаги ахборот;
  • маҳсулотнинг таркиби;
  • тайёрлаш усули;
  • ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (мавжуд бўлган тақдирда);
  • озиқлик қиммати, витаминлар ва минерал моддаларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;
  • истеъмол идиши очилгунига қадар ва очилганидан кейинги сақлаш шартлари;
  • яроқлилик муддати ёки сақлашнинг турли ҳарорат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда, маҳсулотдан қайси санагача фойдаланиш керак бўлса, ўша сана;
  • сертификатлаштириш тўғрисидаги ахборот;
  • маҳсулот ишлаб чиқарилган ва ўраб-жойланган сана;
  • белгиланган мақсади ва қўлланилиш шартлари;
  • товарнинг штрих-коди (мавжуд бўлган тақдирда);
  • маҳсулотни шифокорнинг тавсияси бўйича қўллаш тўғрисидаги ахборот.

Озуқа ўрамида она сути билан озиқлантиришнинг фойдаси ва афзаллиги, шунингдек сунъий озиқлантириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин шифокорнинг дастлабки маслаҳатини олиш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзувлар осон ўқиладиган шаклда кўрсатилиш керак.

Озуқани истеъмол учун қандай тайёрлаш хусусидаги йўриқнома илова қилинган бўлиши зарур.

Шунингдек, маҳсулот ёрлиғида гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун аввал тайёрланган, болани олдинги озиқлантиришдан қолган озиқ-овқат маҳсулотларидан такроран фойдаланишга ҳамда уларни сақлашга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги кўрсатмалар бўлиши шарт.

Мавзуга оид