09:03 / 07.02.2020
1
6956

Сенатда ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Мурожаатномада таъкидлаганидек, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси, мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди. 

Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

2020 йил 6 февраль куни Олий Мажлис Сенатида мазкур ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, ишчи гуруҳ аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ишчи гуруҳ аъзолари ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, шунингдек йиғилишда ишчи гуруҳ самарали фаолият кўрсатиши учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top