Ўзбекистон | 23:03 / 14.02.2020
10575
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли цемент ишлаб чиқариш корхоналари устидан шикоят қилмоқда — Экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги йирик цемент ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти текширилмоқда. Бу ҳақда қўмита расмий сайтида маълум қилинган.

Фото: uznature.uz

Унга кўра, цемент ишлаб чиқариш корхоналарининг ишлаш жараёнида табиий муҳитга салбий таъсир қилувчи асосий ифлослантирувчи модда чанг, майда дисперсли қаттиқ заррачалар ҳисобланади. Шунингдек улар фаолиятида атроф-муҳитга оқова сувлар чиқариб ташланади.

Аҳоли ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан атроф-муҳитга зарарли ташламалар ташлаётган йирик цемент ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан шикоят ва мурожаатлар келиб тушмоқда. Текширув ана шу мурожаатлар асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2018 йил 22 ноябрдаги 949-сон қарорига кўра цемент ишлаб чиқариш корхоналари атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб (юқори даражали хавфли) фаолият тури деб белгиланган.

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг октябрь ойида 13 та цемент ишлаб чиқариш корхоналарига туташ ҳудудлар атрофидан атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли ташламалар бўйича намуналар олиниб, таҳлиллар ўтказилган. Натижада ҳамда 5 та корхонада атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар миқдори меъёрдан юқорилиги аниқланган.

Мавзуга оид