09:16 / 15.02.2020
0
2463

Ҳаага конференцияси устави ратификация қилиниши кутилмоқда

Мамлакатнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида Ўзбекистон иштирокини таъминлашга, давлатнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қилади

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси уставини (Ҳаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди.

Ҳаага конференцияси 1893 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Ҳаага шаҳрида жойлашган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосий мақсади – халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашиш.

Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса, конференцияда Арманистон, Озарбойжон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирок этади.

Ҳаага конференцияси 1955 йил 15 июлда кучга кирган устав асосида фаолият юритади.

Парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида бўлиб ўтган муҳокамаларда мазкур ташкилот Уставини ратификация қилиш билан боғлиқ барча масалалар муҳокама қилинди. Қўмита аъзоларининг фикрича, мамлакатнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида Ўзбекистон иштирокини таъминлашга, давлатнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида қўмита аъзолари қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиши учун тавсия этиш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top