Ўзбекистон | 15:05 / 15.02.2020
5597
2 дақиқада ўқилади

Математика фани бўйича дарсликлар янгиланади

2020 йилнинг якунига қадар математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаштириш тизими жорий этилади. Президент ва ижод мактаблари, туман марказларидаги ихтисослашган мактабларга таниқли математиклар бириктирилади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Инновацион ривожланиш вазирлигида Математика фанини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. 

Муҳокамада мактаб ўқувчилари учун математика фанидан оддий ва тушунарли тилда ёзилган дарсликларни ва ўқув қўлланмаларни яратишга қаратилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳ аъзоларига мактаб дарсликларини танқидий кўриб чиқиб, дарсликлардаги хато ва камчиликларни белгилаш, дарсликларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд ва Наманган вилоятларида Фанлар академиясининг Математика институти бўлинмаларини ташкил этиш бўйича кўриладиган ишлар таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари математика фанини ривожлантиришга қаратилган турли чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши бўйича қилинаётган ишлар юзасидан маълумот бердилар. Хусусан, 2020 йил давомида математика фани бўйича ўқувчи, талаба ва ўқитувчилар ўртасида турли номинациялар бўйича танловлар ўтказилиши, ҳар бир туман марказида фаолият олиб бораётган мактаблар негизида биттадан математика фанига ихтисослашган мактабларни ташкил этилиши режалаштирилган. Мазкур мактабларда фаолият кўрсатадиган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлари тўлаш масаласи ҳам ўрганилмоқда.

2020 йилнинг якунига қадар эса математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаштириш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, Президент ва ижод мактаблари, туман марказларидаги ихтисослашган мактабларга таниқли математик-олимлар бириктирилади.

Шу билан бирга қатор вазирлик ва идоралар, хусусан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш вазирлиги, Давлат тест марказида ҳам махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилаётгани маълум қилинди ва ҳамкорликда математика соҳасидаги ишларни бирдамликда амалга оширишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид