14:22 / 16.02.2020
40
79823

Бош прокуратура Олтинсойдаги аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасидаги тўқнашув юзасидан баёнот берди

Бош прокуратура баёнотида жароҳатланган фуқаронинг ҳолати ҳақида маълумот йўқ. Воқеа жойидан тарқалган видеоларда эса фуқаронинг юзи қонга бўялганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сурхондарёнинг Олтинсой туманида фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида 14 февраль куни келиб чиққан жанжал юзасидан расмий маълумот берди.

Унда айтилишича, прокуратура органлари томонидан ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ўтказилмоқда.

Олтинсойда ўтказилган мониторинг давомида «Оқ-олтин манзараси» фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектари 6 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олингани, 235.35 кв.м. майдонда эса яшаш имконияти бўлмаган уй-жой бинолари қуриб олингани аниқланган.

«Ҳолат бўйича 8 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари: туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи, ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи ва бошқалар томонидан ноқонуний қурилиш қилган фуқароларга ушбу ер майдони фермер хўжалиги тасарруфидалиги маълум қилиниб, фуқароларнинг ўз ҳисобларидан ўзбошимчалик билан қурилган уйларини бузиб олишларини ва уларга бошқа манзилдан уй қуришлари учун ер берилиши ҳақида тушунтириб ўтилган.

14 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари юқорида кўрсатилган манзилга бориб кўрганида, 3 нафар фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган уйга яшаш имконияти бўлмаса-да, кўчиб кириб олгани аниқланган.

Ишчи гуруҳ томонидан ноқонуний қурилган уй-жойларни бузиб олишлари тушунтирилганида, аввалдан тўпланиб турган фуқаролар ҳокимият вакили ва ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатишган.

Ноқонуний қурилган уйларни бузишни имконияти бўлмагани сабабли ишчи гуруҳ аъзолари ортларига қайтиб кетишган.

Ҳокимият вакиллари ва туман ИИБ ходимларининг тушунтиришига қарамасдан, фуқаролар ҳокимият вакиллари ва ИИБ ходимларига қўлларидаги нарсалар билан ташланиб кетишган. Ноқонуний равишда қурилган уй-жойларнинг ишчи гуруҳ томонидан бузилишига имкон бўлмаган.

Бу жараёнда 2 нафар туман ИИБ ходимлари ҳамда 1 нафар фуқаро тан жароҳати олишган», – дейилади Бош прокуратура хабарида. 

Аввалроқ Сурхондарё вилоят ИИБ бу жанжалда жароҳатланган икки ходимдан бирининг жароҳати жиддийлиги, у касалхонага ётқизилганини маълум қилган эди.

Бош прокуратура баёнотида жароҳатланган фуқаронинг ҳолати ҳақида маълумот йўқ. Воқеа жойидан тарқалган видеоларда эса фуқаронинг юзи қонга бўялганини кўриш мумкин.

Олтинсой тумани прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top