14:34 / 25.02.2020
1
6737

International Job Organization хусусий бандлик агентлигига тўлов қилганлар шошиб қолишди. Улар кимга мурожаат қилиши керак? 

61 киши айнан ушбу хусусий бандлик агентлигига чет давлатга ишга юбориш учун турли миқдорларда (ўртача 45 млн сўмдан) жами 2,6 млрд сўм пул тўлашган. Айрим фуқаролар тўловни амалга оширганига тўққиз ойдан ошган.

Фото: International Job Organization

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси «INTERNATIONAL JOB ORGANIZATION xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқалар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берди.

Мазкур хабар Kun.uz сайтида ва сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилингандан сўнг республиканинг турли ҳудудларидан, хусусан, Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона, Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидан таҳририятга кўплаб мурожаатлар йўлланмоқда.

Мурожаатлардан кўринишича, кўплаб фуқаролар айнан ушбу хусусий бандлик агентлигига чет давлатга ишга юбориш учун турли миқдорларда пул тўлашган. Айрим фуқароларнинг тўловни амалга оширганига тўққиз ойдан ошиқроқ вақт ўтган.

Фуқароларни ташвишга солаётган яна бир сабаб мазкур бандлик агентлигининг телеграм тармоғидаги каналида ўз мижозларига йўллаган баёноти бўлган:

«Тасдиқланмаган маълумотлар асосида ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари томонидан тақдим этилаётган маълумотлар ўз исботини топгани йўқ. Тез орада ушбу маълумотларнинг нотўғрилиги тасдиқланади».

Таҳририятга мурожаат йўллаган фуқарларни терговни қайси орган олиб бораётгани, уларга етказилган зарар қандай тартибда ундирилиши, шунингдек бу масалада қайси органга мурожаат қилиш кераклиги ҳақидаги саволлар қизиқтирмоқда.

Kun.uz тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мазкур саволларга тез орада аниқлик киритишга ҳаракат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, «INTERNATIONAL JOB ORGANIZATION xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йил давомида фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, Дания ва Швейцария давлатларига ишга юбориш важи билан уларнинг ҳар биридан (61 нафар) 45 млн сўмдан жами 2,6 млрд сўмни жамиятнинг банк ҳисоб рақамига ўтказдириб, уларни ишга юбормасдан, фуқароларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишган.

Бундан ташқари, жамиятга алоқадор шахслар 2019 йилнинг июль ойида Корея Республикасига ишга юбориш важи билан 4 нафар фуқаронинг 16 500 АҚШ доллари ҳамда 125 млн сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишгани аниқланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top