Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида рўйхатдан ўтган «International Job Organization» (IJO) хусусий бандлик агентлиги 2019 йилда Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида ҳам ваколатхонасини очган ва одамларни Европа ҳамда Осиё мамлакатларига ишга юборишга ваъда бериб, улар билан шартнома имзолаб, катта миқдордаги маблағларни олган. Айни пайтда фуқаролардан ҳеч ким ишга жўнатилмаган, уларнинг пуллари ҳам қайтариб берилмаган.

Мурожаатчилар номидан сўзлаган урганчлик Ғайрат Раззоқов қуйидагиларни баён қилди.

«2019 йил апрель ойида «IJO» ХБА Хоразм вилояти филиали офисига бордим. Польшага ишга кетиш учун шартнома имзоладим, дастлабки тўлов 1,6 млн сўмни ташкил қилди. Филиал раҳбари 2 ой ичида хорижга кетишимни, виза ва йўлкира билан боғлиқ барча харажатлар давлат ҳисобидан кредит орқали қопланишини, ишга жойлашиб олганимдан сўнг маошимнинг 10 фоизи ушланиб боришини айтди. Албатта бу жозибали таклиф эди», деди Раззоқов.

Аммо орадан 2 ой ўтгач ҳам фуқаролар ишга жўнатилмаган. Бунинг сабабини сўраб борганлар олдига эса янги шартлар қўйилган.

«2 ой ҳам ўтди, бироқ, хорижга кетиш ҳақида гап-сўз бўлмади. Яна офисга бордим. Шунда хорижга кетиш учун тил билиш шартлигини, бунинг учун ўқишим лозимлигини айтишди. Рус тилини яхши билишимни айтсам ҳам фойдаси бўлмади. Рус тили курсларида ўқидик, имтиҳон ҳам топширдик. Албатта бунинг учун ҳам қўшимча пул тўланди», деди Раззоқов.

Бу билан фуқароларнинг ташвиши камаймаган. Энди уларнинг олдига янгидан янги шартлар қўйилган, қўшимча тўловлар ундирилган.

«Орадан яна вақт ўтди. Бироқ, ишга кетиш ҳақида гап-сўз бўлмади. Яна офисга бордим. Бу сафар тиббий кўрикдан ўтиш лозимлигини, бунинг учун Жиззахдаги клиникага бориш кераклигини айтишди. Катта миқдорда харажат қилиб, у ерга бордим. Кўпчилик қатори 400 минг сўм тўлаб, тиббий кўрикдан ўтдим. Бироз вақт ўтгач, виза харажатлари учун ҳам пул тўлаш шартлиги айтилди. 3,8 млн сўм тўладим. Натижада, умумий ҳисобда «IJO» ХБАга 10 млн сўм харажат қилдим», деди Раззоқов.

Вақт беҳуда ўтавергач, фуқароларнинг сабр косаси тўлиб, ё ишга жўнатишни ёки пулларни қайтаришни талаб қилишни бошлашган.

«Ҳафсалам пир бўлиб, пулимни қайтаришларини талаб қилиб, яна офисга бордим. Бошқа фуқаролар ҳам келиб, шундай қилишаётганини кўрдим. Аммо ҳар хил баҳоналар билан бизни тинчлантиришди. Бир неча кундан кейин Тошкентдан «IJO» ХБА раҳбари келиб, «тантанали» йиғилиш ўтказди. Баландпарвоз гаплар айтилди, катта ваъдалар берилди, яна ишондик, тинчландик», деди Раззоқов.