Жамият | 10:26 / 26.02.2020
58928
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев оламдан ўтди

Ўзбек дубляжининг энг ёрқин вакилларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев 64 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» хабар бермоқда.

Фото: Ўзбеккино

Таниқли кино, театр ва дубляж актёри 1956 йилда Бухорода туғилган. 1973-77 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган. 

1976 йилда Аброр Ҳидоятов театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган. 

Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакр Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» спектаклида Солиҳ махдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб ранг-баранг роллар ижро этган. 

Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда мунтазам иштирок этган.

Ғайбулла Ҳожиев «Уқубат», «Шаббона», «Умид», «Оқпадар» каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган,  Актёр «Шайтанат» телесериалида Аҳмадбей ролини ўйнаган.

Ғайбулла Ҳожиев дубляж соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган бўлиб, актёр овоз берган қаҳрамонлар халқимиз қалбидан чуқур жой олган.

Kun.uz марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига чуқур таъзия билдиради.